Холни олдириш саратонга олиб келадими ва ҳуснбузарга тиш пастаси суртиш тўғрими?
Дерматологлар кенг тарқалган афсоналар ва тери муаммоларининг реал сабабларини очиқлади
Эл орасида “холга тегиб бўлмайди, олдирсанг саратонга айланади” деган гапларни жуда кўп эшитамиз. Бундан ташқари, “ҳуснбузарни сиқиб ташласанг тезроқ кетади” ёки “унга тиш пастаси суртсанг, тезда қурийди” деган “халқона” маслаҳатларга ишонувчилар ҳам кам эмас. Хўш, бу фикрларда қанчалик жон бор? Теридаги ўзгаришлар аслида нимадан далолат беради ва қайси ҳолларда зудлик билан шифокор-дерматологга чопш керак?
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорлари Шуҳрат Тошпўлатов ҳамда Мухлиса Хўжаева ушбу саволларга аниқ ва батафсил жавоб берди.
ХОЛЛАР ТAБИИЙ БEЛГИМИ ЁКИ ЯШИРИН XAТАP?
Баъзида холлар туғма бўлади, баъзида эса умр давомида янгидан пайдо бўлади. Дерматолог Шуҳрат Тошпўлатовнинг таъкидлашича, ҳар бир янги чиққан ёки шаклини ўзгартирган холга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур.
Хол пайдо бўлиши ва ўзгаришининг сабаблари:
- Ирсий мойиллик: Баъзи инсонларда генетик жиҳатдан холлар кўп чиқишига мойиллик юқори бўлади.
- Қуёш ва ультрабинафша нурлар: Қуёш остида кўп юриш ёки солярийга қатнаш тери ҳужайраларини ўзгартириб, янги холлар кўпайишига туртки беради.
- Гормонал ўзгаришлар: Ҳомиладорлик, ўсмирлик даври ёки гормонал бузилишларда холлар пайдо бўлиши ёки катталашиши мумкин.
Қачон хавфсираш керак ва нима қилиш лозим?
Агар холингизнинг ҳажми, ранги ёки шакли ўзгарган бўлса, уни олдиришдан олдин албатта дерматолог кўригидан ўтиш шарт.
- Тўғри ташхис: Шифокор махсус дерматоскоп апарати орқали холни текширади ва уни хавфсиз усулда (масалан, лазер билан) олиб ташлашни белгилайди. Олинган тўқима, албатта, гистологик текширувга юборилади.
- Энг катта хато — холни ип билан боғлаб ташлаш, турли суртмалар қўйиш, дори ёки кислота билан куйдириш асло мумкин эмас. Бундай усуллар холни шикастлаб, унинг ёмон сифатли ўсмага айланиш хавфини бир неча баробар оширади.
ҲУСНБУЗАР (АКНЕ): ЎСМИРЛИК МУАММОСИМИ ЁКИ КАСАЛЛИК?
Ҳуснбузар фақат ўсмирларда бўлади дейиш нотўғри. Дерматолог Мухлиса Хўжаеванинг айтишича, бу муаммо катта ёшдагиларда ҳам пайдо бўлиши ёки йиллаб тарк этмаслиги мумкин.
Акне пайдо бўлишининг асосий сабаблари:
- Ёғ безларининг ҳаддан ташқари ишлаши: Теридан ортиқча ёғ ажралиши тешикчаларни бекитиб, яллиғланиш ҳосил қилади.
- Гормонал бузилишлар: Гормонлар мувозанати издан чиққанда тери ёғланиши янада кучаяди.
- Ирсият ва нотўғри парвариш: Оилада акнега мойиллик бўлиши, шунингдек, тўғри келмайдиган косметик воситалар ва баъзи дорилар ҳам ҳуснбузарни кўпайтиради.
Акне кўпинча юз, пешана, ияк, кўкрак ва орқа соҳаларда қора ёки оқ нуқталар, қизарган тошмалар ҳамда тери остидаги оғриқли тугунлар кўринишида намоён бўлади.
Сиқиш ва тиш пастаси суртиш — терига душманлик
Шифокорлар ҳуснбузарни сиқишни қатъиян ман этади. Сиқилганда яллиғланиш терининг чуқур қатламларига тарқалади, инфекция тушади ва энг ёмони — ўчиб кетмайдиган дағал чандиқлар ҳамда қора доғлар қолади.
Шунингдек, ҳуснбузарга спирт ёки тиш пастаси суртиш терининг ҳимоя қатламини куйдириб юборади ва муаммони баттар оғирлаштиради.
ШИФОКОР ДEРМAТОЛОГЛАРНИНГ ТAВСИЯСИ
Теридаги ҳар қандай ўзгариш — бу организм ичидаги жараёнлар аксидир.
- Холлар бўйича: Танангиздаги холларни тез-тез кузатиб туринг, уларни шикастланишдан сақланг. Сезиларли ўзгариш бўлса, фақат дерматологга учрашинг.
- Ҳуснбузар бўйича: Енгил ҳолатларда тўғри танланган парвариш ва суртмалар кифоя қилади. Оғирроқ ҳолатларда эса шифокор назорати остида ичиладиган комплекс дори-дармонлар тайинланади.
Даволанишни қанчалик вақтли бошласангиз, терингизда чандиқ ва доғлар қолиш хавфини шунчалик камайтирган бўласиз.