«Қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади». Саида Мирзиёева Наманганда 5 ёшли қизчанинг зўрланишига муносабат билдирди

«Қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади». Саида Мирзиёева Наманганда 5 ёшли қизчанинг зўрланишига муносабат билдирди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Учқўрғонда 5 ёшли қизчанинг боғча ходими томонидан зўрлангани ҳақидаги ҳолатга муносабат билдирди.

«Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди. Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган, шу боис жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз», — дея таъкидлади у.

Администрация раҳбари тегишли идораларга барча зарур кўрсатмалар берилганини маълум қилди.

«Жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади. Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади», — деди Саида Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Учқўрғон туманидаги давлат боғчасида 5 ёшли тарбияланувчига нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани маълум бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан 12 сентябрь куни 52 ёшли хўжалик ишлари мудирига нисбатан Жиноят кодексининг 118 (Номусга тегиш) ва 112-моддалари (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича тергов олиб борилмоқда ва у қамоққа олинган.

Боғча маъмурияти назорат сусаймаганини билдирган бўлса, қизнинг онаси гумонланувчининг яқинлари аризани қайтариб олиш учун пул таклиф қилганини маълум қилган. Воқеа тафсилотлари.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳодиса юзасидан ишчи гуруҳ тузиб, алоқадор ходимлар билан шартнома бекор қилинганини билдирган. Шунингдек, болалар омбудсмани ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганини айтган. Унда хизмат текшируви натижаларини танқидий кўриб чиқиш, ходимлар жавобгарлигини таъминлаш ва барча МТТларда болалар хавфсизлигини кучайтириш сўралган. Иш устидан назоратни бош прокурор ўз зиммасига олди.

2026 йилнинг март ойида президент фармони билан педофилларга умрбод қамоқ жазосини такрорий жиноят учунгина бериш кўзда тутилган қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилган эди.

Унга кўра, вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, улар билан жинсий алоқа қилиш ва уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этиш учун илгари судланган шахслар томонидан:

  • 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига текканлик учун — умрбод озодликдан маҳрум қилиш;
  • 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий шаклда қондирганлик учун — узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган эди.

Президент администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Нодира Ҳакимова бундай жиноятлар учун ҳукм қилинган шахсларни манзил-колонияларга ўтказмаслик масаласи ҳам алоҳида муҳокама қилинганлигини маълум қилган эди. Ҳакимова бундай жиноятлар энг оғир тоифадаги жиноятлар қаторига киритилишини қайд этган.

«Нима учун уларни манзил-колонияларга чиқармаймиз? Нима учун энди педофил рецидивистларга нисбатан умрбод қамоқ жазосини қўллаймиз? Чунки бу жиноятларга худди қасддан одам ўлдириш каби энг оғир жиноятлар билан тенглаштириб қарасак бўлади. Бу бир гўдак қизнинг бутун умрини завол қилишга олиб келадиган жиноятлар. Шу сабабли айнан шундай кескин ислоҳотларни президентимиз ўз фармонларида белгилаб бердилар», — дея таъкидлаган эди у.

Gazetа 2025 йилда педофилларга нисбатан жазо тўғрисида экспертлар фикрига қизиққан эди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишини жорий этиш кераклигини билдирган эди. Унга кўра, ўлим жазоси қўлланилиши жиноятчилик даражасини камайишига таъсир кўрсатмайди.

Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко умрбод озодликдан маҳрум қилиш нафақат жазо чораси, балки ўта оғир жиноятлар, шу жумладан, вояга етмаганларга қарши жинсий жиноятлар учун ижтимоий изоляция усули эканини таъкидлаган эди.

«Болаларни ҳимоя қилиш учун ўлим жазосини қайтариш эмас, балки судни қонун доирасига қайтариш ва қонун устуворлиги принципи ҳар доим „боланинг энг яхши манфаатлари учун“ принципи призмаси орқали тушунилиши керак», — деган инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқшунос Гулжаҳон Аманова.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.