Тошкентда 2030 йилгача 400 та маҳалла янгиланади, янги мактаб ва боғчалар қурилади

Тошкентда 2030 йилгача 400 та маҳалла янгиланади, янги мактаб ва боғчалар қурилади


Шавкат Мирзиёев Тошкентда маҳаллаларни ободонлаштириш, мактаб ва боғчалар қуриш ҳамда шаҳар муҳитини ривожлантириш лойиҳалари билан танишди. 2027 йилда 100 та маҳаллани комплекс янгилаш, 2030 йилгача эса уларнинг сонини 400 тага етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳалар «15 дақиқалик маҳалла» тамойили асосида амалга оширилади. Унга кўра, дўконлар, поликлиникалар, мактаблар, боғчалар, дам олиш масканлари ва спорт майдончалари аҳоли яшаш жойларига яқин бўлиши керак.

Маҳаллаларни янгилаш доирасида йўллар ва тротуарлар таъмирланади, муҳандислик тармоқлари ҳамда уйлар фасадлари янгиланади. Шунингдек, яшил ҳудудлар, болалар ва спорт майдончалари, хавфсиз пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади. 2030 йилгача ушбу маҳаллаларда 130 мингта иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

Пойтахтда мактаб ва боғчалардаги ўринлар етишмовчилигини бартараф этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 2030 йилгача 126 мингта янги ўқувчи ўрни ва боғчаларда 40 мингта ўрин яратиш режалаштирилган. 2026–2027 ўқув йилида эса 38 минг нафар ўқувчига мўлжалланган 24 та мактаб ҳамда 16 минг нафар бола учун 28 та боғча қурилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Учтепа туманида 37 гектар майдонда «Uchtepa City» бизнес маркази қурилади. Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда хорижий инвестор томонидан 1 миллиард доллар сармоя киритилади. Ҳудудда турар жойлар, офислар, савдо-кўнгилочар мажмуа, меҳмонхона ва сайр ҳудуди барпо этилади.

Президент лойиҳаларни аҳоли эҳтиёжлари ва шаҳарсозлик талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш бўйича топшириқ берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.