Давлат раҳбари айни пайтда 2 минг 600 афарга яқин ўқувчи таҳсил олаётган мактабда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Қайд этилишича, мазкур 5-мактаб илгари 960 ўринли эди. Лекин ўқувчилар сони 2 мингдан ошарди. Шу боис ўтган йили реконструкция қилиниб, қўшимча бинолар қурилди. Натижада 1 минг 700 та қўшимча ўрин пайдо бўлди.
Бугун мактабда 2 минг 600 нафарга яқин ўқувчи таълим олмоқда. Ўтган йили 165 нафар битирувчидан 163 нафари олий таълимга ўқишга кирган. 5-мактабда юқори синф ўқувчилари тикувчилик, пазандачилик, ёғоч ва металлга ишлов бериш кўникмаларини ўрганаяпти.
Президент ушбу тўгараклардаги шароитларни кўздан кечирди. Тошкент шаҳри директорлар кенгаши аъзолари билан суҳбатда ўқитувчилар меҳнати ва ҳурмати ҳақида сўз борди.
«Шундай вақтлар бўлдики, педагогликка эътибор сусайиб кетди. Ҳозир бу шарафли касбнинг нуфузини тиклаш, уларни моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилаяпмиз. Янги Тошкент шаҳри қурилишини ҳам Педагогика университети биносига пойдевор қўйишдан бошламоқчимиз. Чунки янги Ўзбекистоннинг биринчи замини ўқитувчилар. Шунинг учун улар доим ўз устида ишлаши, билим ва услубларини ривожлантириб бориши керак», деди давлат раҳбари.
Мактабнинг янги имкониятларидан тўла фойдаланиш, таълим сифатини Президент мактабларига яқинлаштирган тарзда ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.