Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан Президент маслаҳатчиси ўринбосари — Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан жойларда ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар бандлигини таьминлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.
Масалан, Тупроққалъа туманида Президент Халқ қабулхонасига қилинган мурожаатлар асосида 15 та маҳаллада истиқомат қилувчи 115 нафар хотин-қизларга мақсадли равишда беш юз миллион сўм молиявий ёрдам ажратилди. Шулардан, 113 нафар ишсиз аёлларга замонавий тикув машиналари харид қилиниб, кооперация асосида етакчи 10 нафар тадбиркорга бириктирилди. Шу орқали уларга тикувчилик фаолияти билан шуғулланиш, доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун имконият яратилди. Икки нафар эҳтиёжманд аёлларга гўзаллик салони жиҳозлари олиб берилди.
Туманнинг «Соёпир» МФЙда яшовчи Дилрабо Исмоилова ва у билан бирга яна 11 нафар хотин-қизларга ажратилган тикув машиналари уларни бандлигини таьминлашга хизмат қилди.
Шу ўринда айтиш лозимки, Тупроққалъа туманининг энг олис ҳудуди ҳисобланган «Саримой» МФЙдан 20 нафар, «Навбаҳор » МФЙдан 14 нафар, банд бўлмаган хотин-қизларга шу зайлда тикув машиналари берилиб, жами, 34 нафарини иш билан таьминлашга эришилди.
Замира Болтаева боқувчисини йўқотган ижтимоиий ҳимояга муҳтож аёллардан бири. У Президент Халқ қабулхонасига ишлаб даромад топиш истаги борлигини билдириб, бу борада амалий кўмак сўраган эди. Мурожаати қаноатлантирилиб, янги тикув машинаси ажратилди ҳамда маҳалласидаги чевар Дунё Бойжоновага бириктириб берилди. Шу каби 13 нафар ишсиз хотин-қизларга тикув машинаси ажратилди. Энди улар ҳам доимий даромадга эришиши учун ҳаракат қила бошладилар.
Янгибозор туманида ҳам Президент Халқ қабулхонасининг ушбу хайрли ташаббуси орқали 30 та маҳалладан 113 нафар хотин-қизлар доимий даромад топиш имкониятига эга бўлдилар. Уларнинг 35 нафари миграциядан қайтганлар, 48 нафари «Аёллар дафтари»га киритилганлар, 14 нафари «Ёшлар дафтари»га киритилган, 16 нафари ижтимоий ҳимояга мухтож аёллар. Улар катта тажрибага эга бўлган 31 нафар тадбиркор аёлларга кооперация асосида бириктирилди.
«Мурожаатдан даромадга” лойиҳасининг дастлабки босқичида бандлиги таъминланмаган оғир шароитдаги хотин-қизларни кооперация асосида ишлаб даромад топишларига имконият яратилган бўлса, кейинчалик улар орасидан тадбиркорликка қобилияти борлари ўз оилавий корхонасини ташкил этилишига ёрдам берилади. Халқ билан мулоқотнинг янги тизими шу механизм асосида босқичма-босқич кенгайтириб борилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.