Ўзбекистонда экспорт қилувчи тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилади

Ўзбекистонда экспорт қилувчи тадбиркорларга қўшимча имтиёзлар берилади

Тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб,

— Бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 5 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланилмайди;

— экспорт қилувчи ташкилотларга фойда солиғи ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича солиқ солинадиган базани камайтириш кўринишидаги имтиёзлар товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилишдан тушган умумий тушумдаги экспорт ҳажмининг улушидан қатъи назар қўлланилади;

— қовун, канакунжут, канакунжут ва махсар уруғлари экспортига рухсат берилади.

Экспортчи корхоналарни очиқ танлов орқали саралаб, уларни етакчи экспортёрларга айлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “Янги Ўзбекистон – рақобатбардош маҳсулотлар юрти” дастури амалга оширилади. Бунда, Дастур доирасида экспортчи корхоналарни саралаб олиш қуйидаги мезонлар асосида амалга оширилади:

— экспортчи корхоналар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ҳамда камида сўнгги икки йил давомида фаолият юритаётган бўлиши;

— охирги 12 ой мобайнида экспорт қилинган тайёр маҳсулот суммаси 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлиши;

— умумий тушум ҳажмида экспортдан тушум улуши 30 фоиздан юқори бўлиши;

— экспортга чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар тури 2 тадан ортиқ бўлиши;

— охирги 12 ой мобайнида экспорт географияси, қўшни давлатларни инобатга олмаган ҳолда, 2 та мамлакатдан ортиқ бўлиши;

— охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмида муддати ўтган дебитор қарздорликнинг улуши 5 фоиздан кам бўлиши.

Қайд этилишича, экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди ва экспорт билан боғлиқ савдо операцияларини молиялаштириши учун охирги 12 ой мобайнида амалга оширилган экспорт ҳажмидан келиб чиққан ҳолда:

— экспорт ҳажми 1 миллион доллардан 5 миллион долларгача бўлганда – 1 миллион долларгача;

— экспорт ҳажми 5 миллион доллардан 10 миллион долларгача бўлганда – 2 миллион долларгача;

— экспорт ҳажми 10 миллион доллардан 15 миллион долларгача бўлганда – 3 миллион долларгача;

— экспорт ҳажми 15 миллион доллардан 20 миллион долларгача бўлганда – 4 миллион долларгача;

— экспорт ҳажми 20 миллион доллардан ортиқ бўлганда – 5 миллион долларгача миқдорларда молиявий ресурслар ажратилади;

— битта халқаро стандартни жорий қилиш ва сертификатни олиши учун уларга 30 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда молиявий ёрдам тақдим этилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.