Давлат раҳбари қатор топшириқлар бериб, маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этилиши ва соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш кераклигини таъкидлади.
Бу марказ Ўзбекистонда жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимини ривожлантириш стратегияси доирасида ташкил этилган. Мажмуа мукаммал таъмирланиб ва замонавий жиҳозланиб, шу йил мартда ишга туширилган.
Марказ жамоат хавфсизлиги жараёнларини қамраб олган ягона ахборот макони. Хусусан, 10 мингдан ортиқ профилактика инспекторларининг фаолияти 6 та йўналиш бўйича назорат қилинади ва баҳоланади.
Шунингдек, марказда видеоалоқа орқали профилактика инспекторлари, йўл патрул, пост патрул ва пробация ходимлари учун масофавий ўқувлар ўтказилади. Оммавий тадбирларни моделлаштириш орқали ностандарт вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш ва тезкор чоралар кўриш ўргатилади.
Давлат раҳбари бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, соҳа ходимлари юқори технологияларни яхши билиши лозимлигини таъкидлади.
2025 йил якунига қадар тизимни рақамлаштиришни 90 фоизга етказиш белгиланган. Ташриф чоғида давлат раҳбарига шу борада ахборот берилди.
Биринчи босқичда муаммолар ўрганилиб, иккинчисида шу асосида мутахассислар ва дастурлар тайёрланди. Жумладан, 66 та ахборот тизими ва модуллари ишлаб чиқилди.Уларга вазирлик ва идораларнинг 77 та ҳамда Ички ишлар вазирлигининг 25 та ахборот тизими интеграция қилинди. Жамоат хавфсизлиги бўлинмалари ходимлари 18 мингдан зиёд планшетлар билан таъминланди ҳамда рақамли қурилмалардан самарали фойдаланиш бўйича ўқитилди.
Натижада155 та ҳисобот, 37 та иш юритиш соҳаси, юзга яқин қайднома ва йиғма материаллар рақамлаштирилган. Бунинг ҳисобига 213 миллиард сўм тежалишига эришилган.
Энди, учинчи босқичда Маълумотларни қайта ишлаш маркази ташкил этиб, соҳага сунъий интеллектни кенг жорий қилиш, ускуналарни маҳаллийлаштириш каби мақсадлар қўйилган.
Шу ерда ички ишлар тизимида қўлланилаётган замонавий техника ва анжомлар намойиш қилинди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.