Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон томонидан Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар қатнашди.
Ўзбекистон Президенти мўғулистонлик етакчи ишбилармонларни ва уларнинг ўзбекистонлик шерикларини самимий қутлар экан, Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихида муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор алоҳида таъкидлади.
Бўлиб ўтган мазмунли ва конструктив музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилгани, мавжуд захиралар таҳлил қилингани ва янги ўсиш нуқталари аниқлангани қайд этилди.
Булар – Мўғулистонга озиқ-овқат, ўғитлар, дори-дармонлар, маиший техника, пластмасса ва резина, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик ва пойабзал маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, юртимизга гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тери, жун ва бошқа тайёр маҳсулотларни импорт қилиш.
Тез фурсатда Мўғулистон ва Ўзбекистонда савдо уйларини очиш ва икки мамлакат пойтахтларида саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Мамлакатимиз раҳбари мўғул компаниялари билан саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Икки давлат иқтисодиётининг бир-бирини самарали тўлдиришга қодир соҳаларида ўрта муддатли кооперация дастурини қабул қилиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.
Бу, биринчи навбатда, геологик қидирув, бой хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик ўрнатишни ўз ичига олади.
Мазкур стратегик соҳада биринчи йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар тайёрланади.
Ўзбекистон, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда Мўғулистон билан комплекс ҳамкорликни ривожлантириш ниятида. Қорақалпоғистон, Наманган вилояти ва бошқа ҳудудларда чорвачилик мажмуаларини барпо этиш режалари қўллаб-қувватланди.
Бундан ташқари, Мўғулистондан чорва, гўшт ва уни қайта ишлаш маҳсулотларини импорт қилиш ҳамда тўқимачилик ва тайёр қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилишга ўзаро қизиқиш билдирилди.
Томонлар хусусий бизнес ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Бу борада ишбилармон доиралари томонидан илгари сурилган янги бизнес ғоялари, жумладан, Тошкентда диагностика марказини очиш, базальтни қайта ишлаш, енгил саноат, рақамлаштириш, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар қўллаб-қувватланди.
Саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида йил охиригача инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш тамойиллари бўйича асосий битимлар қабул қилинади.
Етакчилар қўшма Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишини олқишладилар.
Янги ташаббусларни ишлаб чиқиш учун яқинда унинг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф давомида ҳаво ва халқаро автомобиль алоқаси бўйича битимлар имзоланди, бу икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратади.
Транспорт вазирларига юк ташиш харажатларини камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ЖСТга қўшилиш жараёнини фаоллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Ўз навбатида, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух эришилган келишувлар ҳамда Ўзбекистонда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, бизнес вакилларини фаол ҳамкорликка ва янги лойиҳалар бўйича аниқ келишувларга эришишга чақирди.
Фикр алмашиш чоғида Мўғулистон тадбиркорлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини ва мамлакатда яратилаётган қулай инвестициявий ва бизнес муҳитини юқори баҳоладилар.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.