Маълумки, бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни таъминлаш ҳамда аҳолининг барча қатламлари соғлом ва фаол ҳаёт кечириши учун табиий, молиявий ва моддий ресурслардан фойдаланишнинг самарали иқтисодий ва экологик бошқарув тизимларини жорий қилиш жуда муҳим ва долзарб масаладир.
Шу муносабат билан, Бирлашган миллатлар ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда “Мактаб овқатлантириш дастурини синовдан ўтказиш орқали озиқ-овқат хавфсизлиги ва соғлом овқатланишни яхшилашни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга оширишга киришмоқда. Жорий йилнинг 25 июнь куни бўлиб ўтган ушбу лойиҳанинг кириш семинарида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасида стратегик ривожланиш ва тадқиқотлар халқаро маркази (ISCAD), Мактабгача таълим агентлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, “Замин” Халқаро жамоат фонди ҳамда Ибн Сино жамоат фонди вакиллари иштирок этишди. Иштирокчилар лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, кўлами, концепцияси ва кутилаётган натижалар билан таништирилди. Томонлар иш режасини кўриб чиқдилар ва уни келгусида амалга ошириш шартларини келишиб олдилар.
Кириш семинари давомида иштирокчилар мактабларда овқатланиш тизимидаги мавжуд камчиликлар, муаммолар ва имкониятларни кўриб чиқишди. Шу жумладан мактаблардаги озиқ-овқат муҳити, шунингдек, овқатланиш сифати, озиқ-овқат хавфсизлиги ва мактаб овқатланишини умумий бошқаришни яхшилаш учун махсус имкониятларни ривожлантириш чора тадбирларини муҳокама қилишди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.