«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова инсонларнинг ўлимига сабаб бўлаётган қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан жиноий жазо чораларини кучайтиришни таклиф қилди.
«Адолат»чилар маъмурий ҳуқуқбузарликлар ва аварияларда қурбонлар сонини камайтириш учун фақатгина жарима миқдорларини оширишни оқилона ечим эмаслигини, моддий имконияти яхши бўлган ҳайдовчи жаримани тўлаб туриб ҳам яна шундай ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги ва бегуноҳ инсонларнинг ҳаётдан эрта кўз юмишига сабабчи бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермаслигини таъкидлаб ўтди.
«Юртимизда ҳам тезликни оширганликда муайян муддатга автомобиль бошқариш ҳуқуқини чеклаш ёки ҳайдовчилик гувоҳномасидан умрбод маҳрум этиш, шунингдек, тезликни ошириш, спиртли ичимлик истеъмол қилиб инсон ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчиларга жиноий жазо чораларини кучайтириш, шу билан бир вақтда, асосий эътиборни тарбияга қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Зеро, мамлакатимиз йўллари пиёдаларнинг юрак ҳовучлаб юрадиган ва отасининг эркатойлари истаган тезликда ҳаракатланадиган ҳудуд эмас. Шуни инобатга олиб, “автомобилдаги қотиллар” кўпаймаслигини таъминлаш учун қонунчиликда юқоридаги каби жиддий ўзгаришлар қилиш керак ва шарт. Акс ҳолда йўлларда юз бераётган фожиаларнинг олдини олиш имконсиз бўлиб қолаверади», - деди «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.