Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотлар, илмий муассасалар билан ҳамкорликда табиий ресурсларни бошқаришни такомиллаштириш, биохилма-хилликни сақлаш, сув ресурсларини комплекс бошқариш борасида янги лойиҳалар устида иш олиб бормоқдалар.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар Марказий Осиёнинг заиф экотизимларида ерларни тиклаш, Амударё, Зарафшон, Панж, Сирдарё ва Норин дарёлари ҳавзаларида сув ресурсларини комплекс бошқаришни кучайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни сақлашни яхшилаш учун табиий ресурсларни комплекс бошқаришга қаратилган.
Маълумки, Ўзбекистон мевали дарахтлар, сабзавот ва полиз экинларининг ноёб хилма-хиллигига эга. Ушбу биохилма-хилликни сақлаб қолиш, келажак авлодларга етказиш, уларни бир қатор хусусиятларидан самарали фойдаланиш бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил февраль ойининг бошида Вашингтонда бўлиб ўтган Глобал экологик жамғарма (GEF) Кенгашининг 66-йиғилиши доирасида CAWLN Минтақавий дастурининг 5 та лойиҳасига 26 миллион доллар ажратилган эди. Таъкидлаш жоизки, бешта лойиҳадан умумий қиймати 18,6 миллион доллар бўлган тўртта лойиҳа Ўзбекистон иштирокида ФАО кўмаги билан амалга оширилади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.