2023 йилнинг 30 ноябрь куни «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форуми бўлиб ўтди.
Унда Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ва ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси президенти Пиа Каума видеомурожаат билан иштирок этди, Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталари аъзолари, МДҲ Парламент Ассамблеяси раиси Валентина Матвиенко, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси бош котиби Мехмет Сурейя Эр, хорижий мамлакатлар парламентлари раҳбарлари, парламентлараро ташкилотлар, Ёшлар парламентлари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари экспертлари тўғридан-тўғри ҳамда онлайн тарзда иштирок этди.
Форумни Ўзбекистон парламенти юқори палатаси раҳбари кириш сўзи билан очиб, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига эътибор қаратди.
«Фуқаролик жамият институтларининг ривожланиш даражаси ҳали бизни қониқтирмайди. Миллий мақсадларга эришишда, жамиятдаги масъулият ва сафарбарлик ҳиссини янада кучайтиришимиз лозим. Хусусан, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, фуқаролик жамияти ва хусусий сектор вакиллари Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида курашга сафарбар бўлишлари керак. Ўзбекистонда барқарор ривожланиш доирасида ўтказилаётган тадбирлар ҳам энг аввало ушбу мақсадларга йўналтирилган», — деди нутқида Танзила Нарбаева.
Ўзбекистон президенти ташаббуси билан 2022-йил 14-декабрда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеясининг «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция ҳамда миллий мақсадлар доирасида олиб борилаётган ислоҳотларга эътибор қаратилди.
Анжуман иши «2030-йилги Глобал кун тартибини самарали амалга оширишга кўмаклашишда парламент ва парламентлараро ҳамкорликнинг роли», «БРМга эришиш жараёнини тезлаштиришда гендер масалаларига йўналтирилган ва ёшлар сиёсати» ҳамда «2030-йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги кун тартибини амалга оширишда парламент ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик» мавзуларидаги учта сессия доирасида ташкил этилди.
Биринчи сессияда иштирокчилар 2030-йилги кун тартибини амалга оширишда миллий парламентнинг ролини, жумладан, Ўзбекистон ташаббуслари ва ривожлантириш истиқболларини, иккинчи сессияда эса парламент жараёнларида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришда миллий парламентнинг ролини муҳокама қилдилар.
Учинчи сессияда эса Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришишда парламент ва фуқаролик жамияти ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг Ихтиёрий миллий ҳисоботлар ва муқобил маърузаларни тайёрлашдаги иштироки каби масалалар иштирокчилар эътиборида бўлди.
Бундан ташқари, тадбир давомида Ўзбекистон фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан илгари сурилаётган «Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кенгайтириш тўғрисида»ги БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси лойиҳасини БМТда илгари суриш таклифи барча иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.
Парламентлараро иттифоқ бош котиби Мартин Чунгонг ўз видеомурожаатида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича II глобал форум юқори даражада ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди, кўрилаётган масалалар, улардан келиб чиққан таклиф ва хулосалар парламент ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига ижобий таъсир қилишини айтиб ўтди.
Форум якуни бўйича парламентлараро ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари қамраб олинган Тошкент коммюникеси қабул қилинди.
Коммюникеда анжуман иштирокчилари қуйидагиларни амалга оширишга чақирилган:
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.