Президент матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда мудофаа вазири қўшинлар жанговар шайлиги ва салоҳиятини ошириш, қисм ва бўлинмаларни ҳар томонлама тайёрлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳисобот берган.
Шунингдек, у Мудофаа саноати агентлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берган.
Мамлакат раҳбарияти томонидан армиянинг жанговар салоҳиятини ва шахсий таркибнинг маънавий-руҳий ҳолатини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани модернизация қилиш, шунингдек, мудофаа саноати корхоналарини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди, дейилади хабарда.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари Қуролли кучларни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича топшириқлар берди.
«Ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур: мамлакатимиз хавфсизлиги, юртимиз мудофааси нафақат Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, балки Ўзбекистонни ўзи учун она ватан деб биладиган, миллати, тили ва динидан қатъи назар, барча инсонларнинг муқаддас бурчидир. Бунинг учун ягона ватан, кўп миллатли ягона аҳил оила туйғуси ҳар биримизнинг қалбимиз, юрагимиздан чуқур жой олиши лозим», — деганди президент.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.