Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделининг устувор йўналишлари нефть-кимё ва кимё, электроника ва яримўтказгичлар саноати, инновацион саноат, «ақлли» қишлоқ хўжалиги, «яшил» энергетика, зиёрат туризми ва бошқалар бўлади.
Ҳамкорликни ривожлантириш ва олий даражадаги келишувлар ижросини самарали мувофиқлаштириш мақсадида ташқи ишлар вазирларининг стратегик мулоқоти платформасини ташкил этишга қарор қилинди.
Томонлар БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.
Товар айирбошлашни кўпайтириш мақсадида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш, ўзаро саноат кўргазмаларини ўтказиш, Саноат кооперацияси дастурини қабул қилишга келишиб олинди.
Кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент вилоятида Малайзиянинг етакчи компанияси бошқарувида махсус иқтисодий зона ташкил этилмоқда.
Малайзия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини фаол қўллаб-қувватламоқда.
Шавкат Мирзиёев ва Анвар Иброҳим минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Терроризм, радикализм ва исломофобияга қарши курашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Ташриф арафасида таҳлилий марказлар учрашуви, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва маданий мероси тақдимотлари, етакчи олий таълим муассасалари ректорлари форуми ва бошқа тадбирлар ўтказилди.
Ўтган йилнинг май ойида Малайзия бош вазири Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди. Ўшанда Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтган, Ишбилармонлар кенгаши тузилган, қатор йирик бизнес-форумлар ташкил этилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.