Афғонистон делегацияси таркибида саноат ва савдо, кончилик ва нефть, транспорт ва фуқаро авиацияси, қишлоқ хўжалиги, ирригация ва чорвачилик вазирликлари, шунингдек, Марказий банк ва Молия вазирлиги вакиллари бор эди.
Барадарни Тошкент аэропортида бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ва Афғонистоннинг Тошкентдаги дипломатик миссияси раҳбари Абдулғаффор Терави кутиб олди.
22 февраль куни Тошкентда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов билан икки томонлама музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув чоғида у Трансафғон теми йўл лойиҳасини ва Ўзбекистондан Афғонистонга 500 кВли «Сурхон — Пули-Хумри» электр узатиш линиясини тезроқ ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.
ЎзА хабарига кўра, томонлар ўзаро ҳисоб-китобларда миллий валюталардан фойдаланиш, углеводород ва минерал ресурслар бўйича келишув, Ўзбекистон бизнесининг Афғонистонга сармоя киритиш имкониятлари, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Жамшид Ходжаев ўзбекистонлик тадбиркорлар Афғонистоннинг муҳим тармоқларига, жумладан, нефть ва газ конларини қидириш ва қазиб олиш, саноатни ривожлантириш, Саманган вилоятида цемент заводи қурилишига сармоя киритишга тайёрлигини тасдиқлади.
Қайд этилишича, ҳозирда «Тоти Майдан» газ конини қидириш бўйича сезиларли натижаларга эришилди ва яқин орада бурғилаш ишлари бошланади. Аввалроқ Eriell КАМ компанияси Афғонистондаги газ конини ўзлаштириш бўйича шартнома имзолагани ҳақида хабар бергандик. Ўзбекистон лойиҳага 25 йил давомида йилига 100 миллион доллар сармоя киритиши, шунингдек, қазиб олинган газни қайта ишлаши кутилмоқда.
Бародар ташрифни самарали деб атади ва Ўзбекистон расмийлари билан музокаралар чоғида бир қатор муҳим масалалар, жумладан, савдони кенгайтириш, электр энергияси импорти, Афғонистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, темирйўл қурилиши бўйича келишувларга эришилганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси қийматини 252 млн доллардан 222 млн долларгача камайтиришга муваффақ бўлинган.
«Савдо, энергетика, авиация, қишлоқ хўжалиги, темирйўл транспорти соҳаларида тегишли вазирлар билан бир неча бор учрашувлар ўтказилди. Бу йўналишларда янада олдинга силжиш мумкин», — дея Барадарнинг сўзларини келтиради TOLO News.
Шунингдек, Ҳайратон-Ҳирот темирйўли лойиҳасини дастлабки ўрганиш учун Ўзбекистондан Афғонистонга техник делегация ташрифи кутилаётгани маълум қилинди.
Афғонистон саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизи Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспорти ҳажми камайганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида томонлар «савдо баланси ва имтиёзли савдо келишувлари» тўғрисида келишиб олган.
Шунингдек, банк ҳамкорлигини ривожлантириш, Афғонистоннинг Ўзбекистонга экспортига солиқларни камайтириш ва қўшма савдо марказларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
«Ушбу имтиёзли келишув ўнта афғон товарига, шунингдек, Афғонистонга зарур бўлган ўнта ўзбек товарига божхона тўловларини нолга тушириш имконини беради», — деди Азизи.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.