Айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этмоқда — президент

Айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этмоқда — президент

Президент Шавкат Мирзиёев айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилиши гапирди, дея хабар бермоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлигини айтди.

У, сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилганини қарамай, судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб турганини қайд этди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётгани айтди.

«Барча раҳбарларни қатъий огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади», — деди президент.

Давлат раҳбари одил судловни амалга оширишда адвокатлар ўрни жуда муҳимлигини, бу борада адвокатларга ҳимоясидаги фуқарога ўз вақтида ҳуқуқий ёрдам кўрсата олиши учун имконият яратиш кераклигини айтди.

Президент мутасаддиларга уч ой ичида сифатли юридик ёрдам кўрсатилишида адвокатлар фаолиятига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топшириғини берди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.