Ўзбекистон бош вазири хизмат автомобили Mercedes-Benz`дан Malibu`га ўзгартирилди

Ўзбекистон бош вазири хизмат автомобили Mercedes-Benz`дан Malibu`га ўзгартирилди

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов хизмат автомобилини Mercedes-Benz`дан Malibu`га ўзгартирган. Бу ҳақда «Газета.uz» сўровига кўра бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.

Матбуот котибининг қайд этишича, Абдулла Арипов 7 март куни видеоселектор йиғилиши ўтказиб, барча амалдорларга хорижий хизмат машиналаридан фойдаланишни тўхтатишни топширган.

«Президентимиз берган барча топшириқларни сўзсиз бажаришимиз шарт, муҳокамага ўрин йўқ. Менга буни 20 мартдан ёки 1 апрелдан жорий қилайлик, деб таклиф беришяпти. Йўқ, унақаси кетмайди. Президентимиз топшириқ бердими, зудлик билан бажаришимиз шарт. Бу ҳукуматнинг асосий вазифаси», — деган бош вазир видеоселекторда.

Бош вазир матбуот котибининг қўшимча қилишича, бугунги кунда ҳукумат таркибидаги барча вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари хизмат автомобили сифатида маҳаллий автотранспортлардан фойдаланишга ўтган.

Хусусан сенат раиси Танзила Нарбаева ва Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Chevrolet Tahoe, бош вазир ўринбосарлари Malibu, вилоят ҳокимлари эса Tahoe ёки Traverse автомобиллардан хизмат машинаси сифатида фойдаланмоқда.

Шу кунгача фойдаланиб келинган автотранспорт воситалари эса босқичма-босқич E-auksion — электрон савдо платформаси орқали сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг 5 март куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида хизмат транспортида юришни кескин қисқартириб, миллий автомобиль ва миллий мебелга ўтиш зарурлиги айтганди.

2021 йилда «Газета.uz» вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлаган эди. Ўшанда вазирлар орасида Mercedes-Benz, уларнинг ўринбосарлари орасида эса Malibu ва Captiva энг оммабоп автомобиль бўлиб чиққанди, ҳокимлар энг кўп Toyota автомобилларини афзал кўрган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.