Ўзбекистонда Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди. Унга Нозима Давлетова раҳбарлик қилади
Шавкат Мирзиёевнинг 14 март кунги «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Ўзбекистонда Тадбиркор аёллар кенгаши
ташкил этилди.
Президент 7 март куни ўтказилган йиғилишда мутасаддиларга хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодий фаоллигини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича бир қанча топшириқлар берганди.
Қарор ушбу мажлисда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат билан 2025 йилда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.
Унга кўра:
- 2 миллион нафар хотин-қизларнинг бандлигини таъминланади;
- 250 минг нафар хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитади;
- 250 минг нафар хотин-қизларни олий таълим билан қамраб олади;
- 50 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларни санаторийларда соғломлаштириш ҳамда уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш бўйича мотивасион семинарлар ташкил этади.
Ҳужжат билан Савдо-саноат палатаси ҳузурида Тадбиркор аёллар кенгаши ташкил этилди. Унинг таркибига 27 нафар фаол аёллар киритилди. Президент Администрацияси масъул ходими Нозима Давлетова кенгашга раис этиб тайинланди.
Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова ва «Ҳамроҳ» хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш компанияси бош директори Дилфуза Нурматова кенгаш раиси ўринбосарлари этиб тасдиқланди.
Кенгашнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- Мунтазам равишда ҳудудларга чиқиб, тадбиркор хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
- Тадбиркор аёлларнинг илғор тажрибаларини бошқа ҳудудларда оммалаштиришга кўмаклашиш;
- Аввал тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширган хотин-қизлар билан манзилли ишлаб, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва бизнес фаолиятларини ривожлантиришга кўмаклашиш;
- Тизимли муаммоларни ҳал қилиш юзасидан Ҳукумат ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таклифлар киритиб бориш.
Қарор билан «Тадбиркор аёллар» платформаси 2025 йил 1 июлгача ишга туширилади. У қуйидаги имкониятларга эга бўлади:
- аёл тадбиркорларга хомашё сотиб олишга кўмаклашиш;
- ўзаро кооперацияни кенгайтириш ва маҳсулотларни сотиш учун бозор топиш;
- зарур мутахассисларни излаш ва ишга қабул қилиш;
- лойиҳалар доирасида юзага келаётган муаммоларини аниқлаш ва уларга ечим топиш.
2025 йил 1 майдан қуйидагиларни назарда тутувчи «Ҳамкор тадбиркор» дастури йўлга қўйилади:
- ўз бизнесини ташкил этмоқчи бўлган хотин-қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш;
- кооперация асосида хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш;
- маҳаллий ва халқаро электрон платформаларда хотин-қизларга ўз маҳсулотларини жойлаштириш ва сотишга кўмаклашиш.
2025 йил 1 августгача Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш йўналишида молиявий хизматлар кўрсатиш стратегияси тасдиқланади.