Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда табиий газ таъминоти жараёнини тўлиқ рақамлаштириш, чекка ҳудудларни суюлтирилган газ ва кўмир билан таъминлаш, аҳолини энергия ресурслари билан таъминлаш ҳолатини реал вақт режимида кузатиб бориш бўйича топшириқ берди.
Қайд этилганидек, аҳолини, аввало, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Бунинг учун IV чоракда 21 миллиард киловатт соат, келгуси йил бошида қарийб 22 миллиард киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 миллиард куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.
Табиий газ тармоғидан узоқдаги қишлоқ ва овуллар, ижтимоий объектларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади. Президент қайси ҳудудга яна қўшимча захира керак бўлса, таъминлаб берилишини таъкидлади.
"Барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада масъулиятини икки карра ошириб, аҳолини рози қилиши, ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан, тезкор ҳал этиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев.
Энергия манбаларини иқтисод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дунёда энергетика соҳасида рўй бераётган муаммолар минтақамизга ҳам таъсир кўрсатаётгани, бундай вазиятда тежамкорлик долзарб экани қайд этилди. Шу боис барча муассасаларда энергия тежовчи технологиялар ўрнатиш, одамларнинг бу борада дахлдорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилишда корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банкларининг барқарорлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Кредитлар эвазига ишга туширилган лойиҳаларни тўлиқ қувватга олиб чиқиб, уларнинг муддати ўтган қарздорлигини камайтиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.