АҚШ Ўзбекистонга ноқонуний миграция масалалари бўйича ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди

АҚШ Ўзбекистонга ноқонуний миграция масалалари бўйича ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирди

АҚШ давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау 7 апрель куни Вашингтонда Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари Абдулазиз Камиловни қабул қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Тэмми Брюс маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, музокаралар чоғида АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини яна бир бор тасдиқлади. Томонлар стратегик шерикликни чуқурлаштириш йўлларини муҳокама қилди.

Кристофер Ландау Ўзбекистоннинг фуқаролик ядро энергетикаси, стратегик муҳим фойдали қазилмаларга инвестициялар ва бошқа иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади.

У, шунингдек, ноқонуний миграция ва терроризмга қарши кураш бўйича давом этаётган ҳамкорлик учун Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди, дейилади Давлат департаменти хабарида.

Куни кеча АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник АҚШда ноқонуний бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига ҳибсга олинмаслик ёки депортация қилинмаслик учун ўз ихтиёри билан ватанига қайтишни тавсия қилганди. Унинг сўзларига кўра, минглаб ўзбекистонликлар АҚШга Марказий Америка орқали хавфли йўллар билан кириб келган.

  • АҚШ президенти Дональд Трамп лавозомига киришганидан сўнг ноқонуний мигрантларга қарши кенг кўламли тозалаш ишларини бошлади. 2025 йил февраль ойида АҚШ Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистондан келган 119 мигрантни Панамага депортация қилди. Панама ТИВнинг аниқлик киритишича, етиб келган муҳожирлар АҚШ чегарасини ноқонуний кесиб ўтгандан сўнг қўлга олинган ва улар муқаддам судланмаган. Ўшанда 975 нафар ўзбекистонлик АҚШдан депортация хавфи остида тургани очиқланганди.
  • Орадан бир ҳафта ўтгач, Ўзбекистон ўз фуқароларини Қўшма Штатлардан хавфсиз депортация қилиш масалалари бўйича АҚШ ва Лотин Америкаси давлатлари расмийлари билан алоқага чиққани маълум бўлди. АҚШдаги дипломатик ваколатхоналар сўровларни қабул қилишда «қаерда бўлишидан қатъи назар, барча фуқароларга тўлиқ ёрдам кўрсатади», дея таъкидлади ТИВ.
  • АҚШдан депортация қилиниб, Коста Рикага юборилиши режалаштирилган 7 нафар Ўзбекистон фуқароси 25 февралда Нью Йорк-Тошкент йўналиши бўйича ватанга олиб келинди. Шунингдек, март ойи бошида АҚШ томонидан Коста Рикага депортация қилиниши керак бўлган яна 10 нафар ўзбекистонликлар Тошкентга қайтарилиши ҳақида хабар берилганди.
  • АҚШ ҳукумати 2024 йилнинг илк 9 ойида 572 нафар Ўзбекистон фуқаросини ватанига депортация қилганди. Бу 2023 йилнинг шу давридагидан 6,5 баробар кўп.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.