Президентга эски уй-жойларни 3 босқичда янгилашни назарда тутувчи реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди

Президентга эски уй-жойларни 3 босқичда янгилашни назарда тутувчи реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди

Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни шаҳарсозлик реновациясининг ҳуқуқий асосларини белгилаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, яқин йилларда аҳоли сони 40 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Бундай ўсишда йилига 140−150 минг хонадонга талаб пайдо бўлади. Бу ҳар йили қўшимча 2 минг гектар ер керак, дегани. Лекин ер майдонлари ҳам чекланган.

«Бундай ҳолатда реновация дастури қўл келади. Масалан, республикада 17 мингта 2−3 қаватли эски уйлар бор. Улардаги шароит, муҳит бугунги замонга муносиб эмас. Электр, газ, сув ва бошқа инфратузилмалар эскирган, кўпларида оқова тармоғи ҳам йўқ. Шуларнинг ўрнида замонавий уйлар қурилса, ҳозиргидан 3 баробар кўп аҳоли жойлашади. Асосийси, хонадонларда янги коммуникация, иссиқ ва совуқ сув, оқова тармоғи бўлади», — дейилади хабарда.

Ҳозиргача бу борада ягона ҳужжат йўқ эди. Шу боис, хорижий тажриба асосида, «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Тақдимотда реновация тизимининг ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий томонлари кўриб чиқилди.

Бундай дастурлар 3 босқичда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Биринчи босқичда шаҳар ва туманларда реновацияга мос ҳудуд танланиб, лойиҳа ишлаб чиқилади. Мулкдорларга янги уй ёки компенсациялар таклиф қилинади. Барча мулкдорлар билан келишувлар яккама-якка, нотариал тартибда тасдиқланади. Лойиҳалар учун ҳар бир ҳудудда реновация жамғармалари ташкил этилади.

Иккинчи босқичда реновация дастури ҳудудий ва республика кенгашлари томонидан кўриб чиқилиб, қурилиш ташкилоти аниқланади.

Учинчи босқичда уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.

«Реновацияга тушган ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти ҳам ошади. Янги уйларнинг 1−2-қаватларида савдо, хизмат курсатиш ва кичик ишлаб чиқаришлар бўлади. Шунингдек, бу тизим орқали 20 минг гектар ер тежалиши ҳисоб-китоб қилинган», — дейилади хабарда.

Хусусан, биринчи босқичда реновация асосида 20 минг хонадон қурилиши мўлжалланган.

Давлат раҳбари бундай лойиҳаларни, аввало, у ерда яшовчиларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, тизимли ва адолатли амалга ошириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда мутасаддилар, туман ҳокимлари ва уларнинг тегишли ўринбосарлари реновация тартиб-қоидалари ва ишни тўғри ташкил қилиш чоралари бўйича қўшимча ўқитилиши айтилди.

Реновация ҳудудларини инфратузилма билан таъминлаш, девелопер ва қурувчи ташкилотлар ишини мувофиқлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди

2024 йил август ойида реновация тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтказилганди. Бироқ қонун мулкдорларнинг ҳуқуқларини етарлича ҳимоя қилмаслиги ва бошқа сабаблар туфайли жамоатчилик норозилигига учраганди. Сиёсий партиялар тегишли қонун қабул қилинмагунча реновацияга шошилмасликка чақирган эди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.