«Марказий Осиё давлатлари қандай шартлар асосида ҳамкорлик қилишни ўзлари ҳал этиши керак» — Эдуардс Стипрайс
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс Самарқанд саммити якунлари бўйича «Газета.uz» учун берган эксклюзив шарҳида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликда янги босқичнинг устувор йўналишлари ҳақида гапирди.
— — Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаяпти, деб айтиш мумкинми? Агар шундай бўлса, бу даврнинг қандай хусусиятлари бор? Европа Иттифоқининг минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликка ёндашуви қандай ўзгаради?
— Албатта, биз кўп йиллик муносабатларимизда янги босқични бошладик. «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитида минтақа ва Европа ўртасида янги стратегик шериклик тўғрисида битим
имзоладик. Бу тарихий қадам минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан икки томон ҳам катта сиёсий манфаатдор эканини тасдиқлайди.
Янги ҳамкорлик босқичини қўллаб-қувватлаш мақсадида Европа Иттифоқи Global Gateway («Глобал дарвоза») стратегияси доирасида 12 миллиард евро миқдоридаги инвестиция пакетини эълон қилди. У транспорт, иқлим, энергетика ва сув таъминоти, рақамлаштириш ва муҳим хомашё каби соҳалардаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашга қаратилади. Шунингдек, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасида терроризмга қарши курашиш, Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва бошқа йўналишлар бўйича мулоқот платформасини ишга туширамиз.
Шуни мамнуният билан айтиш керакки, биз ҳар қачонгидан ҳам яқинроқ бўлиб, ишончли ҳамкорларга айланиб бормоқдамиз. Энди асосий эътиборни келишувларни амалга оширишга қаратамиз.
— Яқин йилларда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги самарадорлигини баҳолаш учун қандай ўрта ва узоқ муддатли кўрсаткичлардан фойдаланилади?
— Ҳамкорлигимиз Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришган пайтдан бошланган. Ўшандан бери ҳамкорликни мунтазам мувофиқлаштириш учун бир нечта форматлар яратилди. Бизнинг биргаликдаги ишларимиз иккита стратегик ҳужжатга асосланади: 2019 йилги Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси ва уни 2023 йилда амалга ошириш бўйича қўшма «йўл харитаси». Биз уларнинг ижросини мунтазам таҳлил қилиб, Марказий Осиёдаги шерикларимиз билан юқори ва экспертлар даражасида учрашувлар ўтказмоқдамиз.
Сиёсий ҳужжатлардан ташқари, биз секторал лойиҳаларни, жумладан, Global Gateway дастури доирасида Team Europe («Европа жамоаси») механизми орқали биргаликда амалга оширмоқдамиз.
Саммит якунида томонлар стратегик мақсадларимизга эришишга қаратилган қатор тадбирларни ўз ичига олган Қўшма декларацияни қабул қилди. Бизда инвестициялар ҳажми ва инвестиция лойиҳалари сони каби миқдорий кўрсаткичларни мониторинг қилиш ва Марказий Осиё мамлакатларида ислоҳотларнинг амалга оширилишини, минтақавий ҳамкорлик фаоллигини сифат жиҳатидан баҳолаш тизимлари мавжуд.
— Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш имкониятини кўриб чиқяптими? Масалан, интеграция бўйича ўз тажрибангиз билан ўртоқлашиш ёки маълум соҳаларда минтақавий ёндашувни ишлаб чиқишга ёрдам бериш?
— Марказий Осиё аста-секин ўзини яхлит минтақа сифатида намоён этмоқда ва биз минтақа ичидаги ҳамкорликда ижобий ўзгаришларни кўришдан мамнунмиз. Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара тўғрисидаги битим бешта давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даврининг яққол далилидир. Етакчиларнинг йиллик маслаҳат учрашувлари мунтазам мулоқот майдонига айланди.
Европа Иттифоқи, шубҳасиз, сўнгги 75 йил давомида давом этаётган интеграция ва ҳамкорликнинг намунаси бўлиб, у аста-секин икки томонлама ҳамкорлик ва пировардида интеграция доирасини кенгайтирмоқда ва чуқурлаштирмоқда. Шунингдек, ўз тажрибаси билан минтақага фойда келтирадиган Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг Марказий Осиёдаги ўрни муҳимлигини таъкидламоқчиман.
Биз, албатта, очиқмиз ва ўз тажрибамизни баҳам кўришга тайёрмиз, лекин ҳар доим Марказий Осиё давлатлари қандай шаклда ва қандай шартларда ҳамкорлик қилишни ўзлари ҳал қилишлари кераклигини таъкидлаймиз.
Минтақавий ҳамкорлик соҳаларига келсак, улар ўзгаришсиз қолмоқда: ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш, рақамлаштириш, энергетика ва иқлим ўзгариши, савдони рағбатлантириш, демократлаштириш жараёнлари.