Давлат раҳбари Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном бериш ташаббусни илгари сурди. Шаҳардаги мақсадларни амалга ошириш учун дастур қабул қилиниб, 250 миллион доллар йўналтирилади.
Андижон тарихий шаҳарларидан бири, водий гавҳаридир. Бугунги кунда вилоятда барча соҳа ва тармоқлар жадал ривожланмоқда. Айни пайтда бу ерда жуда катта салоҳият мавжуд. Ана шундай имкониятларни ишга солиш, ҳудудни янада тараққий эттириш мақсадида Янги Андижон шаҳри қурилмоқда. Қисқа вақт ичида бу ерда сўлим “Янги Ўзбекистон” боғи ҳам барпо этилди.
Андижон Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган диёр экани билан ҳам машҳур. Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев Янги Андижон шаҳарчасига Бобур шаҳри деб ном бериш ташаббусни илгари сурди. Буни андижонликлар хурсандчилик билан қўллаб-қувватлади.
Шаҳарда ихтисослашган боғча ва мактаб, университет, музей, кутубхона ва IT-паркдан иборат йирик таълим кластери барпо этилади. Олийгоҳ таркибида энг юқори талабларга жавоб берадиган спорт мажмуаси ҳам қурилади.
Бобур шаҳри миллий қадриятларимизни мужассам этадиган маънавий масканга, ёшлар учун илҳом ва ибрат, парвоз майдонига, юртимизнинг яна бир туризм ва маданият марказига, замонавий технологиялар қўлланган “ақлли шаҳар”га айлантирилади.
Ҳудуддаги боғнинг энг баланд нуқтасида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг янги, муҳташам ҳайкали ўрнатилади.
Бу мақсадларни амалга ошириш учун дастур қабул қилиниб, 250 миллион доллар йўналтирилади.
«Барчамиз биламизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур дунёнинг қаерида, қайси ўлкада бўлмасин, бир умр ватан соғинчи билан яшаган. Бугун буюк аждодимизнинг армонлари ушалди, ул зот ўз юртига руҳан қайтиб келди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз. Мана шундай улуғ, тарихий кун барчамизга муборак бўлсин», деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.