Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик ҳоккейчилар ва енгил атлетикачиларга ҳам табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик ҳоккейчилар ва енгил атлетикачиларга ҳам табрик йўллади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон спортчиларининг ютуқларини алоҳида қизиқиш ва эътибор билан кузатиб боряпти, деб ёзди президент матбуот котиби Шерзод Асадов. «Апрель ойида мамлакатнинг спорт соҳасидаги муваффақиятлари футбол билангина чекланиб қолмаган».

Қайд этилишича, ҳоккей бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Арманистонда ўтказилган Жаҳон чемпионатида ўз дивизионида ғолиб бўлиб, келгуси мавсумда учинчи дивизионда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. Жумладан, терма жамоа Малайзия устидан йирик — 18:3 ҳисобида ғалаба қозонди. Жамоа 2026 йил III дивизионнинг B гуруҳида қатнашади.

Март ойида эса Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача бўлган ҳоккейчилар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам терма жамоа ғалаба қозонган.

Шунингдек, Саудия Арабистонида ўтказилган 18 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида ўзбекистонликлар 12 та — 3 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, ўз тарихида биринчи марта умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Давлат раҳбари ҳоккейчи ва енгил атлетикачиларни зафарлари билан табриклаб, ота-оналари, устоз ва мураббийларига миннатдорлик билдирди.

«Бу ютуқлар, энг аввало, йигит-қизларимизнинг тинимсиз меҳнати, юксак маҳорати, мустаҳкам иродаси ва матонати туфайлидир. Бунда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор ва тизимли давлат сиёсатининг ҳам алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз», — дейди Асадов.

«Мамлакатимизда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада яхшиланди, янги мактаблар очилмоқда, спортчиларнинг профессионал ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда», — дея қўшимча қилди президент матбуот котиби.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев футбол бўйича Осиё чемпиони бўлган ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоиловни «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони ва жамоа аъзоларини «Келажак бунёдкори» медаллари билан тақдирлаганди ва уларга табрик йўллаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.