Ўзбекистон Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқлари бузилиши кўпайгани бўйича хавотир билдирди

Ўзбекистон Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳуқуқлари бузилиши кўпайгани бўйича хавотир билдирди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Россиянинг мамлакатдаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашувда Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши кўпайганини қайд этиб, Ўзбекистон хавотирини тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлигини қайд этди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, 2 май куни ўтказилган музокаралар давомида Ўзбекистон томони Россия томонининг эътиборини Россияда Ўзбекистондан келган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги кўпайиб бораётган хабарларга қаратди.

Бундай ҳолатлар Россия ҳудудида меҳнат фаолияти олиб бораётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг икки мамлакат ҳудудидаги ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро таъминлаш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишилди.

Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни Москвада бўлиб ўтган икки давлат делегациялари учрашувида икки давлат Бош прокуратуралари Ўзбекистон фуқароларининг Россияга меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида келиши ҳамда Россия фуқароларининг Ўзбекистонга келишлари жараёнида уларнинг ҳуқуқларга риоя этилиши устидан назорат ва кузатувни кучайтириш мажбуриятини олганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.