«Сўнгги кунларда Яқин Шарқда рўй берган ҳарбий ҳаракатлар шундоқ ҳам нотинч вазиятни янада кескинлаштирди. Бу Ўзбекистоннинг жаҳонга чиқиш йўлларига ва ташқи савдо алоқаларига салбий таъсир этмай қолмайди», — дейилади хабарда.
Шу боис президент вазиятни тўғри баҳолаб, ташқи савдо, инвестиция, транспорт соҳаларида тезкор чоралар кўриш шартлигини қайд этди. Хусусан, экспорт йўналишларини диверсификация қилиш, юкларни бошқа хавфсиз портларга кўчириш зарурлиги бўйича топшириқ берилди. Бу эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ташиш харажатининг 30 фоизгача ошишига сабаб бўлиши мумкин.
Давлат раҳбари ҳамкор давлатлар билан муқобил йўлларни келишиш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича топшириқлар берди.
Транспорт вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда бошқа дахлдор идоралар раҳбарларига тадбиркорлик субъектлари билан яқиндан ишлаб, экспорт-импорт амалиётларига кўмаклашиш, маҳсулотларига қўшимча бозорлар топиш вазифаси қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил 13 июнь куни Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига зарба беришни бошлаганди. Унга кўра, Эрон ядровий қурол яратишга яқинлашган ва бу Исроил давлати мавжудлигига «хавф солмоқда». Эрон бу айбловларни рад этиб, Исроил ҳудудига ракета зарбалари билан жавоб қайтарди.
22 июнь куни АҚШ ҳам Эронга ҳужум қилиб, учта ядровий объектга зарба берди. 24 июнь куни Эрон бунга жавобан Қатардаги АҚШ ҳарбий базасига ҳужум қилди.
Ўзбекистон Яқин Шарқдаги барча томонларни тинчлик йўлида ҳаракат қилишга ва вазиятни ўзаро музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирди.
Таъкидлаш жоизки, жаҳон савдо йўллари тизимида стратегик ўринни эгаллаган Эрон Ўзбекистонни қизиқтирган муҳим транзит салоҳияти ва логистика имкониятларига эга.
Эрон ҳудуди орқали қатор муҳим халқаро транспорт коридорлари ўтади. Улар қаторига, Марказий Осиё — Бандар-Аббос порти (Туркманистон орқали), Марказий Осиё — Эрон-Туркия, жануби-ғарбий коридор: Форс кўрфази — Эрон — Озарбайжон — Грузия (Поти порти) — Украина — Польша, Эрон — Туркия — Болгария — Руминия — Германия ва бошқалар киради. Бундан ташқари, Теҳрон учта йирик лойиҳада иштирок этади — «Шимол-Жануб» Халқаро транспорт коридори (ХТК), Ашхобод келишуви ва Чабаҳор порти.
Ўзбекистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишлари (ТХТЙ, «Ўрта коридор» номи билан ҳам маълум) орқали ҳам юк ташиш ҳажмини оширмоқда. Унинг йўналиши Қозоғистон, Ақтау порти (Каспий денгизи), Озарбайжон (Боку) ва Грузия (Батуми, Поти) орқали ўтиб, Европа бозорларига чиқиш имконини беради.
Анъанавий шимолий коридор (Ўзбекистон — Қозоғистон — Россия — Беларусь — Шарқий Европа) ҳам беқарор геосиёсий вазият ва Россияга нисбатан санкциялар босими билан мураккаблашган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.