«Дунёга тинчлик ўрнатаман деб келган одам унга ўт қўйяпти». Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси — Трамп ҳақида

«Дунёга тинчлик ўрнатаман деб келган одам унга ўт қўйяпти». Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси — Трамп ҳақида

Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммад Али Искандарий 4 март, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Яқин Шарқдаги кескин вазият юзасидан баёнот берди. Дипломат Дональд Трамп маъмуриятининг сиёсатини танқид қилиб, АҚШ билан музокаралар тўлалигича тўхтатилганини ҳамда минтақадаги Америка ҳарбий базалари Эроннинг тўғридан-тўғри нишонида эканини маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

«Дунёга тинчлик ўрнатаман деб келган одам унга ўт қўйяпти»


Элчи Трамп маъмуриятининг сиёсатига тўхталиб, у ҳокимиятга келишда «Америка биринчи» шиорини илгари сургани, бироқ ҳозирги Яқин Шарқ сиёсатида Исроил манфаатлари биринчи ўринга чиқиб қолганини таъкидлади.

«Мен бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман. Трамп ҳукуматга чиқаётган вақтида „Америка биринчи“ шиорини ўзининг асосий ғояси сифатида кўрсатди. Лекин ҳозир Яқин Шарқ минтақасидаги сиёсатини кўриб туриб шунақа хулосага келиш мумкинки, ҳозир унинг учун Исроил биринчи ва Америка энг охиргиси. Яъни Нетаняҳу Трампга ўзининг фикрини ўтказа олди. Дунёга тинчлик ўрнатаман деб келган одам унга ўт қўяпти. Буларнинг ҳаммаси бир-бирига боғлиқ…Агар дунёда Россия, Хитой, Ҳиндистон бўлмаганида эди, бугун улар бутун дунёга олов қўйган бўлишарди», — деди у.

Муҳаммад Али Искандарий ўз сўзида АҚШ бугунги кунда халқаро ҳуқуқ тизимидаги мавжуд механизмларни издан чиқаришга уринаётганини айтди. Унинг фикрича, Америка ўз заволининг олдини олиш мақсадида барча чораларни кўрмоқда, Эрон ва бошқа қаршилик кучлари эса бу йўлда унга, шунчаки, баҳона.

«Америка бугунги кунда халқаро ҳуқуқ тизимида мавжуд бўлган барча механизмларни барбод қилишга киришяпти. Масалан, бир кунда юзта халқаро ташкилотдан чиқиб кетди. Лекин бугунги кундаги тизимлар Американи манфаатларига хизмат қилмаяпти, Америка заволга юз тутяпти. Шу сабабли мана шу заволнинг олдини олиш учун ҳамма ҳаракатини қиляпти. Лекин бунинг олдида Эрон ва бошқа қаршилик кўрсатиш кучлари — ҳаммаси, баҳона, холос… Буни катта бир уруш, деб ҳисоблаш ҳам мумкин. Бироқ биз Худодан унинг учинчи жаҳон урушига айланиб кетмаслигини сўраб қоламиз», — деди у.

АҚШ ҳарбий базаларининг аҳолидан «қалқон» тактикаси


Муҳаммад Али Искандарий АҚШ кучлари Яқин Шарқ минтақасидаги ҳарбий базалардан Эронга ҳужум қилишда фойдаланишини, бироқ жавоб зарбаси берилаётган вақтда ҳарбий бўлмаган, яъни тинч аҳоли яшайдиган объектларга кўчиб ўтиб, улардан «қалқон» сифатида фойдаланишини таъкидлади.

Элчи Эроннинг зарбалари фақатгина АҚШ ҳарбий базалари ҳамда АҚШ ва Исроил разведка марказларига қаратилгани, мамлакатнинг Форс кўрфазидаги барча қўшнилари доимо Эроннинг дўстлари ҳисобланишгани ва шундай бўлиб қолишини билдирди.

Унинг айтишича, минтақа мамлакатларига уюштириладиган айрим ҳужумлар Эрон томонидан эмас, Исроилнинг «Моссад» ташкилоти томонидан уюштирилган ҳаракатлар ҳисобланади.

«Америка Қўшма Штатлари ва бошқалар мана шу минтақа мамлакатларида жойлашган ҳарбий базалардан ва ҳарбий инфраструктурадан Эронга қарши ҳужумда фойдаланишмоқда. Булар ушбу базалардан фойдаланиб, барча ишларни қилиб бўлишади, лекин Эрон жавоб зарбаси бераётган пайтда улар объектлардан чиқиб кетишади. Ҳарбий бўлмаган, яъни фуқаролик характерига эга бўлган объектларга кўчиб ўтишади. Ва мана шу шароитда улардан 9000 нафари қочиб кетди», — деди дипломат.

Элчининг сўзларига кўра, Эрон қуроллари АҚШ ҳудудигача етиб бора олмаса-да, Яқин Шарқдаги барча Америка ҳарбий иншоотлари ва кучлари Эроннинг тўғридан-тўғри нишони остида.

«Бизнинг қурол-аслаҳаларимиз бевосита Америка Қўшма Штатлари ҳудудига етиб бора олмаслиги сабабли, бизга ҳужум бўлса, АҚШнинг қўлимиз ета оладиган жойдаги барча ҳарбий объектлари, ҳарбий иншоотлари ва ҳарбий кучларига зарба беришимизни айтгандик. Масалан, Кувайтда биз Америка ҳарбий самолётларини кўрдик ва улардан учтасини уриб туширдик. Биз фақатгина Америка инвестиция объектларига ва унга тегишли бўлган иншоотларга зарба бердик», — деб таъкидлади Искандарий.

У минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари шунчаки қўшин жойлашган макон эмас, балки Исроил разведкасининг фаолият маркази эканини ҳам қўшимча қилди.

«Америка Қўшма Штатларининг ушбу ҳарбий объектларининг аксарияти бу „Моссад“, Исроил разведка ташкилотининг уяси ҳисобланади. Минтақа давлатлари ва халқлари ўртасидаги ихтилофларнинг йирик сабабларидан бири ҳам — бу ерда мана шу АҚШ ҳарбий базаларининг мавжудлигидир», — деди у.

Дипломат Америка бир йилда Исроилга 50 млрд доллар ҳарбий ёрдам беришини таъкидлаб, бу Эроннинг камида беш йиллик умумий ҳарбий бюджетидан кўп эканлигини келтирди.

«Мақсадимиз — Америка ва Исроилга зарба бериш, уларнинг халқига эмас»


Эрон элчиси мамлакат қуролли кучлари тинч аҳоли ва фуқаролик обектларини нишонга олмаслигини алоҳида урғулади. Шунингдек, Искандарий Эрон нима сабабдан ядро қуролига эга бўлишни истамаслигига ойдинлик киритди.

«Бизда мана қаергадир бир бомба келиб тушса, одамлар ёрдам бериш учун тўпланиб боришади, вайроналар тагида қолган одамларни чиқариб олишади. Америкаликлар шу пайтни кутиб туришяпти-да, ўша одам тўпланган жойга яна иккинчи зарбани беришяпти. Нима учун бизнинг олий раҳбаримиз ядро қуролига эга бўлиш ҳаром деб фатво чиқарди? Чунки ядро қуроли бу танловсиз одам ўлдирадиган қурол ҳисобланади. Лекин бизнинг сиёсатимиз халқни оммавий қирғин қилиш эмас», — дея таъкидлади у.

«Масалан, ҳозир, айтайлик, уларнинг битта рақс ё спорт залига зарба бера олмаймиз деб ўйлайсизми? Бу жуда ҳам қийин ишми? Биз бутун Исроилнинг истаган нуқтасига зарба беряпмиз. Лекин фақатгина ҳарбий обектлар ва ҳарбий иншоотларга зарба беряпмиз. Ва ўлганлар ҳам фақат ўша объектлар ва улар атрофидагилар ҳисобланади. Яна бир тарафи, улар ҳеч қачон қанча ўлганини маълум қилишмайди. Биз маълум қиламиз. Бизнинг мақсадимиз Исроил ва Америкага зарба бериш, Америка ва Исроил халқига зарба бериш эмас», — деди у.

«Агрессия тўхтамагунигача музокара қилмаймиз»


Эрон элчиси Муҳаммад Али Искандарий Вашингтон билан олиб борилган дипломатик алоқалар батамом узилганини маълум қилди.

«Музокаралар тўлалигича тўхтатилган. Америкаликлар музокара аҳли эмас. Улар фақатгина тажовуз қилишади. Бошқа давлатларга зарар етказиш учун ҳар қанақа усулдан фойдаланишади. Улар ҳозирги кунда Эрондан бошқа каттароқ давлатларга зарба беришга тайёрланишяпти, олдига каттароқ мақсадлар қўйишган… Барча мусулмон миллатлар бизни қўллаб-қувватлаяпти, чунки улар кейинги босқич ўзлариники эканлигини билишади. Эрондан кейин Туркия ва Қатар навбатда эканини очиқ эълон қилишди…Эрон билан охирги кунларгача давом этган музокаралардан ҳам улар фақатгина алдаш учун, бизни кўзимизни чалғитиш учун фойдаланишди, холос. Биз, бизга қарши агрессия тўхтамагунига қадар музокара қилмаймиз. Агрессия тўхтагандан кейин ўйлаб кўрамиз», — деди у.

  • 28 февраль куни эрталаб АҚШ ва Исроил Эрон ҳудудига зарбалар берди, портлашлар Теҳрон ва яна бир қанча шаҳарларда қайд этилди. Исроил Мудофаа армияси маълумотларига кўра, ҳарбий объектлар нишонга олинган. АҚШ ва Исроилнинг зарбалари оқибатида мамлакат олий раҳнамоси Али Хоманаий ҳалок бўлди.
  • Эрон АҚШ ва Исроилнинг ҳужумига жавобан Исроил ҳудудига зарбалар берганди, шунингдек, АҚШнинг Қатар, Кувайт, БАА ва Баҳрайндаги ҳарбий базаларига ҳужум қилди. Портлашлар Доҳа, Дубай, Абу Даби, шунингдек, Ар-Риёд шаҳарларида янгради.
  • Ўзбекистон ТИВ Яқин Шарқда вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирда эканини билдирди. Мамлакат томонларни кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.