Ўзбекистон Мўғулистон билан тоғ-кон саноатини ривожлантиради

Ўзбекистон Мўғулистон билан тоғ-кон саноатини ривожлантиради

Мўғулистон давлат саройида 24 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда меҳмон давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари Мўғулистон етакчисига самимий қабул ҳамда ушбу мамлакатга жавоб давлат ташрифи билан келиш таклифи учун миннатдорлик билдирди.

Икки томонлама муносабатлар тарихида биринчиси бўлган ушбу ташриф кўп қиррали Ўзбекистон-Мўғулистон алоқаларини ривожлантиришда янги босқични бошлаб бериши алоҳида таъкидланди. Мирзиёев Мўғулистон томонини яқинлашиб келаётган Халқ инқилоби куни билан ҳам табриклади.

Учрашувда Ўзбекистон-Мўғулистон дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Мўғулистон билан тоғ-кон саноатини ривожлантиради
Барча даражадаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани қайд этилди. Хусусан, товар айирбошлаш кўрсаткичлари жадал ўсиб бормоқда. Қўшма корхоналар сони кўпаймоқда, соғлиқни сақлаш, таълим, электрон савдо, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида илк кооперация лойиҳаларини амалга ошириш бошланди.

Куни кеча икки мамлакат ишбилармон доиралари ва идоралари вакиллари иштирокида қўшма бизнес форуми муваффақиятли ўтказилди, Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон маҳсулотларининг шоурумига эга савдо уйи очилди.

Музокараларда иқтисодий кооперацияни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини ошириш ҳисобига каррасига кўпайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон Мўғулистон билан тоғ-кон саноатини ривожлантиради
Шу мақсадда имтиёзли савдо ва инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни қабул қилишни тезлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси иқтисодиётнинг муайян тармоқларида саноат кооперациясини чуқурлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Ҳамкорликнинг қатор истиқболли йўналишлари устувор этиб белгилаб олинди.

Бу, аввало, тоғ-кон соҳасидаги шериклик, жумладан, геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш, хомашё ресурслари конларини ўзлаштириш, технологиялар трансфери, тажриба алмашиш ва кадрлар тайёрлаш соҳалари.

Шу маънода, соҳадаги лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Улан Батор шаҳрида Ўзбекистон геология вазирлигининг ваколатхонаси очилгани қайд этилди.

Қўшма кластерлар ташкил этиш, гўшт-сут, жун ва чарм маҳсулотларини қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш бўйича кооперация лойиҳаларини илгари суриш асосида қишлоқ хўжалигида комплекс ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдорлик билдирилди.

«Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва янги логистика йўналишларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Йил якунига қадар пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон Мўғулистон билан тоғ-кон саноатини ривожлантиради
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун халқаро таҳлил институти билан биргаликда энг қисқа ва самарали транспорт йўлакларини аниқлаш бўйича амалий тадқиқотлар ўтказиш таклифи билдирилди.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Шу кунларда Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон маданияти кунлари, санъат ва туризм тадбирлари ўтаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантириш, ажратилаётган квоталар доирасида мўғул ёшларининг Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта тиклашга келишиб олинди.

Эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан аҳдлашилди.

Якунда Ўзбекистон раҳбари Мўғулистон президентини жавоб ташрифи билан Ўзбекистонга келишга таклиф этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.