Суғурта суммаси миқдорини ошириш зарурияти юзага келмоқда

Суғурта суммаси миқдорини ошириш зарурияти юзага келмоқда

Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш, соҳада рақобатни кучайтириш, тартибга солиш тизимини янада соддалаштириш, энг муҳими, аҳолига замонавий ва сифатли суғурта хизматларини кўрсатиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2024 йил 1 мартдаги «Суғурта хизматлари бозорини янада ривожлантиришнинг комплекс чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ — 108-сон қарорига асосан 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб барча турдаги суғурта полислари Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг «Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими»да расмийлаштирилмоқда.

Бу эса суғурта хизматлари истеъмолчиларига масофавий шаклда жараёнларни амалга ошириш имкониятини бермоқда.

Суғурта бозори статистикасига эътибор қаратсак, 2024 йилда жами йиғилган суғурта мукофотлари 9,8 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилга (8,1 трлн сўм) нисбатан 20 фоизга, суғурта тўловлари эса 2024 йилда 2,2 трлн сўмни ташкил этиб, 2023 йилга (2 трлн сўм) нисбатан 10 фоизга ошган.

Мажбурий суғурта бўйича тўловлар 2024 йилда 352 млрд сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан (240 млрд сўм) 47 фоизга ошган.

Ўзбекистонда қонун ва қонуности ҳужжатлари билан мажбурий суғуртанинг 20 яқин тури мавжуд бўлиб, шулардан бири Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш суғурта туридир.

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ТВЭФЖМСҚ) ҳодисаси — мажбурий суғурта қилиш шартномасига кўра транспорт воситасидан фойдаланишда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган, суғурта қилдирувчининг суғурта товонини амалга оширишига сабаб бўладиган зарар бўйича жавобгарлиги суғурта қилинган, суғурта қилдирувчи ёки бошқа шахснинг фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши.

Мажбурий суғуртанинг моҳиятига тўхталадиган бўлсак, мажбурий суғурта тегишли қонун ҳужжатлари асосида амалга оширилади, унда суғурта қилинадиган объектлар рўйхати, суғурта жавобгарлигининг миқдори, суғурта қопламасининг миқдори, жараёнда иштирок этувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, суғурта таъриф ставкалари кўзда тутилади ҳамда давлат ва жамият манфаатларига зарар етказилганда қабул қилинган қонунлар асосида жабрланувчиларнинг зарарларини қоплаб беришни мажбур қилиб қўяди.

Мажбурий суғурта барча мамлакатларда транспорт воситалари эгалари томонидан етказилган зарарни қоплаш учун молиявий кафолатларни яратишга қаратилган ижтимоий чора ва йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишнинг молиявий воситаси сифатида жорий этилган.

Суғурта бозорида оммабоп ҳисобланган ТВЭФЖМСҚ шартномалари сони 5 млн дан ортиқни ташкил этмоқда.

Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган фуқароларга тўланадиган суғурта пули миқдори 40 млн сўмни ташкил этиб, суғурта пулининг 35 фоизи, яъни 14 млн сўми йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчисининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи, яъни 26 млн сўми эса жабрланувчининг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, амалдаги суғурта суммаси (3,1 минг доллар) Марказий Осиё ва МДҲ мамлакатларига нисбатан энг паст кўрсаткичлардан ҳисобланади.

Масалан, Қозоғистонда 21,1 минг доллар, Белорусда 22 минг доллар, Россияда 9,8 минг доллар, Европа иттифоқида 7,7 млн евро, АҚШда 350 минг долларни ташкил этади.

Ҳозирда бозор иқтисодиёти ўсиб бориши натижасида маҳаллий ишлаб чиқарилаётган транспорт воситаларининг нархи ошгани, чет элдан олиб кирилаётган автомобиллар сони ортиб бораётгани, йўлларда транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тиғизлиги кундан кун кўпаяётгани сабабли йўл транспорт ҳодисалари ортииши ҳамда шикастланган транспорт воситаларини таъмирлаш учун иш ҳақи ва эҳтиёт қисмлари нархининг кескин ошгани инобат олинса, амалдаги қоидаларда белгиланган суғурта пули кам эканини кўриши мумкин.

Маълумот учун:

  • сўнгги 5 йилда транспорт воситаларининг суғурта шартномалари сони 1,5 баравар (3,1 млн дан — 4,8 млн га), суғурта мукофоти 1,8 баравар (160 млрд сўмдан — 292 млрд сўмга), суғурта тўловлари 3,6 баравар (43 млрд сўмдан — 156 млрд сўмга) ортган;
  • суғурта товонини тўлаш бўйича суғурта даъволари 2019 йилга нисбатан 1,7 баробарга ўсган ва 20 мингни ташкил қилган. Бунда суғурта ташкилотлари учун мазкур турдаги суғурта тури бўйича зарарлилик миқдори Тошкент шаҳри ва вилоятида 137 фоизга етган.

Шунингдек, Ўзбекистонда истеъмолчилар баҳоси индекси охирги 5 йилда 160 фоизга ўсган, энг кам иш ҳақи миқдори эса 265 фоизга ортган.

Амалдаги суғурта жавобгарлиги миқдори 2019 йилда белгиланган бўлиб, бугунги кунда транспорт воситалари учун суғурта миқдори йўл-транспорт ҳодисаси натижасида етказилган зарарни тўлиқ ва ўз вақтида қоплаб бериш имконини бермаяпти.

Бундан ташқари, 2008 йилда белгиланган 3000 АҚШ доллари миқдоридаги суғурта жавобгарлиги деярли амалдаги суғурта жавобгарлиги билан баробар ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (ТВЭФЖМСҚ) бўйича бир қатор муҳим ўзгаришларни амалга оширишни тақозо этмоқда.

Ушбу ўзгаришлар, энг аввало, соҳада самарадорликни ошириш, рақамлаштириш жараёнини тезлаштириш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилиши билан аҳамиятли ҳисобланади.

Шунга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 млн сўмлик суғурта пули миқдорини икки баравар ошириш зарурияти юзага келмоқда.

Шунга кўра, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида жабрланган шахсларни яқиндан қўллаб-қувватлаш мақсадида суғурта пули миқдори 40 млн сўмдан 80 млн сўмга оширилиши натижасида суғурта пулининг 35 фоизи, яъни 28 млн сўми йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчисининг мол-мулкига, қолган 65 фоизи, яъни 52 млн сўми эса жабрланувчининг ҳаётига ва соғлиғига етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилиши орқали жабрланувчиларга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг салмоқли қисми қоплаб берилишига эришилади.

Суғурталовчилар томонидан зарарлар бўйича харажатларни етарли даражада қоплаш имконини яратиш учун суғурта мукофотлари ҳам мутаносиб равишда оширилиши назарда тутилади.

Биргина Суғурта тўловларини кафолатлаш жамғармаси мисолида оладиган бўлсак, 2024 йилда жабрланувчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисаси натижасида мол-мулкига етказилган зарар учун компенсация тўловини тўлаб бериш юзасидан келиб тушган илтимосномаларнинг 35 фоизи 14 млн сўмдан ортиқ зарар етказилгани ҳисобига тўғри келди. Шу ўринда алоҳида эътироф этиш лозимки, мурожатларнинг ўртача кўрилган зарар суммаси 19,2 млн сўмни ташкил этмоқда.

Охирги икки йилда жамғармага келиб тушган мурожаатларнинг 53 фоизи (2023 йилда 51 фоиз ва 2024 йилда 53 фоиз) қоплаб берилган.

Шу нуқтаи назардан суғурта пулининг оширилиши бахтсиз ҳодиса оқибатида етказилган ёки етказилиши мумкин бўлган зарарларнинг қопланиш кўламининг кенгайтирилиши мазкур суғурта тури бўйича суғурта товонини тўлаб бериш юзасидан даъво аризаларини ижобий ҳал этиш 90 фоизга оширилишига олиб келади.

Реклама ҳуқуқлари асосида.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.