Ўзбекистон ва Мўғулистон самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиради

Ўзбекистон ва Мўғулистон самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиради

Ўзбекистон ва Мўғулистон президентлари 24 июнь куни Улан Батордаги музокаралар натижалари бўйича ОАВ вакиллари учун баёнот берди, деб хабар бермоқда меҳмон давлат етакчиси матбуот хизмати.

Давлат раҳбари ўз нутқининг бошида «дўст Мўғулистон халқини» яқинлашиб келаётган миллий байрам — Халқ инқилоби куни билан самимий муборакбод этди.

«Мўғулистонлик дўстларимизнинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги эътиборга лойиқ муваффақиятлари ва ютуқларидан чин дилдан хурсандмиз, сизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатингизни тўла қўллаб-қувватлаймиз», — деди мамлакат етакчиси.

У бугунги кунда Мўғулистон иқтисодиёти барқарор юқори ўсиш суръатларини кўрсатаётганини таъкидлади. Мамлакатда саноат тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма модернизация қилинмоқда. Қорақурум шаҳрини кенг кўламли реконструкция қилиш ишлари бошланган. Изчил, прагматик ва фаол сиёсат туфайли мамлакатнинг халқаро нуфузи ошмоқда.

Ўзбекистон ва Мўғулистон самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиради
Шавкат Мирзиёев ташрифнинг асосий натижаларидан бири сифатида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигида янги босқични бошлаб берадиган муҳим ҳужжат — Кенг қамровли шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланганини таъкидлади.

Музокаралар давомида амалий ҳамкорликнинг барча асосий масалалари ва истиқболли йўналишлари атрофлича кўриб чиқилгани, келажакка мўлжалланган аниқ вазифа ва режалар белгилаб олингани айтилди.

2024 йилда Тошкентда бўлиб ўтган саммитдан сўнг барча йўналишларда алоқалар фаоллашгани қайд этилди. Жорий йил февраль ойида Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди.

БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида яқин ҳамкорлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Мўғулистон самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиради
Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, музокараларда асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилган. Яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали бир неча баробар ошириш вазифалари белгиланди. Таъкидланишича, Улан Баторда кўргазма залига эга бўлган Ўзбекистон савдо уйи очилиши бу ишлар учун амалий асос бўлади.

Ташриф арафасида Ўзбекистон ва Мўғулистон тадбиркорларининг бизнес форуми ва учрашувлари муваффақиятли ўтказилгани, янги шартнома ва битимлар имзолангани қайд этилди. Давлат раҳбарлари бундан буён ҳам тадбиркорлик учун барча шароитларни яратиш ва уларнинг ишбилармонлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга келишиб олди.

Шу муносабат билан имтиёзли савдо ва инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимларни энг қисқа муддатларда қабул қилишга келишилди.

Бундан ташқари, музокаралар чоғида икки мамлакат иқтисодиётлари бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари белгилаб олинди.

Жумладан, минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, енгил саноатда ҳамкорлик, жумладан, жун, терини чуқур қайта ишлаш ва кўплаб бошқа йўналишларда лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон ва Мўғулистон самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиради
Денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар сифатида экспертларни кенг жалб қилган ҳолда самарали транспорт йўналишларини биргаликда ривожлантиришга келишиб олинди. Жорий йилнинг кузидан пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилиши қайд этилди.

Маданият, таълим ва туризм соҳаларида фаол алмашинувларни давом эттиришга келишилди. Шу кунларда Улан Баторда Ўзбекистон маданияти кунлари, икки мамлакат сайёҳлик ташкилотларининг учрашувлари ўтказилмоқда.

Томонлар мунтазам равишда ўзаро концертлар, кўргазмалар, кино намойишлари уюштириш, фестивалларда иштирок этишга келишиб олди.

Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари ажратилаётган квоталар доирасида мўғулистонлик ёшларнинг Ўзбекистондаги етакчи олий таълим муассасаларида таълим олишини қайта йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

Эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли «йўл харитаси» қабул қилиниши таъкидланди.

Сўзининг якунида Шавкат Мирзиёев раҳбари Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф этганини маълум қилди.

Аввалроқ хабар қилинганидек, президент Мирзиёевнинг Мўғулистонга давлат ташрифи доирасида геология соҳасида қўшма лойиҳаларга келишиб олинди. Хомашё ресурслари конларини ўзлаштириш ва технологиялар трансфери бўйича ҳамкорликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Геология вазирлигининг Улан Батордаги ваколатхонаси иш бошлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Мўғулистон раҳбарлари кенг қамровли шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Бундан ташқари, тоғ-кон саноати, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида битимлар имзоланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.