Сенат мухолиф партия ҳуқуқларини кенгайтириш кўзда тутилган қонунни маъқуллади
Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига парламентдаги мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни кўриб
чиқилди.
Қонун 6 та моддадан иборат бўлиб, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ҳамда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунларга, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунларга парламентда мухолифатнинг кафолатланган ҳуқуқларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни:
- Қонунчилик палатасидаги ўзини мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига мухолифат вакиллари 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаши;
- ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳасининг ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиши;
- ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида мухолифат томонидан камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар берилишига оид ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Қайд этилишича, қонунни ишлаб чиқиш жараёнида 20 га яқин хорижий давлатлар тажрибаси таҳлил қилинган. Яъни, парламентдаги фракцияларнинг ҳуқуқлари масаласига оид нормалар Қозоғистон, Арманистон, Грузия, Буюк Британия, Малайзия, Португалия каби давлатларда жорий этилган.
Қонун сенаторлар томонидан қабул қилиниб, имзолаш учун президентга юборилди.
Аввалроқ Халқ демократик партияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилганди.