Сенат ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишга юборди

Сенат ташқи меҳнат миграцияси тўғрисидаги қонунни қайта кўриб чиқишга юборди

Олий Мажлис Сенати 25 июнь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни қайта кўриб чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Ушбу қонун фуқаролар ва мамлакатда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистондан ташқарида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чиқиши ҳамда чет эл фуқароларининг ва бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида жалб этилиши билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солади.

Йиғилишда айрим давлат органларининг мазкур соҳадаги ваколатларини сўнгги маъмурий ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Сенаторлар хорижга ишга юборувчи ташкилотларга Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда меҳнат шартларига риоя этилишини ўрганиш ҳуқуқини беришни таклиф қилди.

Хорижга ишга юборувчи ташкилот томонидан мажбуриятлари бажарилмаган тақдирда меҳнат мигрантини Ўзбекистонга қайтариш жараёни агентлик томонидан амалга оширилиши ва харажатларни юборувчи ташкилот маблағлари ҳисобидан қоплаш механизмини қонунда мустаҳкамлаш кераклиги айтилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда меҳнат фаолияти ҳуқуқига доир тасдиқномани бериш, унинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ёки бекор қилиш асосларини ҳам қайта кўриб чиқиш зарурлигига эътибор қаратилди. Шу билан бирга, тасдиқнома учун ундириладиган йиғим миқдори юзасидан аниқ ҳуқуқий механизмларни белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.