Gazeta минтақа экспертларидан саммит якунлари ҳамда минтақа ва Хитой ўртасидаги муносабатлар ривожининг эҳтимолий муаммо ва истиқболлари бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришни сўради.
«Марказий Осиё — Хитой» формати, назаримда, «C5+» механизмининг умумий мантиғига мос. Келгусида бундай формат Марказий Осиё мамлакатлари ташқи дунё билан ҳамкорлигининг стандарт институтига айланади, деб ўйлайман. Бу «бешлик» бир-бири билан кўп умумий жиҳатларга эга эканлиги, шунингдек, алоҳида ҳолатидан кўра ўзаро алоқадорликда кўпроқ қизиқиш уйғотиши билан боғлиқ.
Албатта, бу минтақа давлатлари икки томонлама муносабатлардан воз кечади, дегани эмас. Бироқ «C5+» формати минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда инфратузилма, логистика ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни ривожлантиришнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлади. Шу нуқтаи назардан, минтақа билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатишни истаган ҳар қандай мамлакат учун бу формат аллақачон меъёрга айланмоқда.
Хитой узоқ вақт давомида ҳар қандай институционаллашувдан тийилиб келган. Унга икки томонлама формат анча манфаатлироқ, чунки бу форматда у ўзининг иқтисодий кўлами билан ҳар қандай ҳамкоридан устун келиши мумкин эди. Бироқ эндиликда Хитой минтақада имконияти даражасидаги барча йирик лойиҳаларни амалга ошириб, барча икки томонлама масалаларни ҳал қилиб бўлди. Шунинг учун бу муносабатларни чуқурлаштиришга киришди.
Мен имзоланган Дўстлик шартномасига ортиқча баҳо бермаган бўлардим. Менимча, бу бошқа ташқи ўйинчиларга қандайдир сигнал эмас. Агар кимдир қандайдир сигналларни кўришни истаса, бу шартномасиз ҳам кўради. Менимча, бу Хитой дипломатиясининг хулқ-атвор моделига мос. Имзоланган ҳужжатлар ва уларнинг тузилишида биз илгари кўрмаган ҳеч қандай янгилик кўрмаяпман.
Шунингдек, Марказий Осиё ва Хитой ўртасида жиддий кескинлик нуқталарини ҳам кўрмаяпман. Энг катта саволларни туғдирган кескинлик нуқталарининг барчаси ҳал қилинди. Биринчи навбатда, бу Хитойнинг Марказий Осиёнинг учта давлати билан бўлган ҳудудий низолари. Бундан ташқари, Хитойнинг иқтисодий жиҳатдан устунлиги масаласи ҳам жуда нозик муаммо эди. Қирғизистон, масалан, ўз бозорларини ҳимоя қилиш учун EОИИга қўшилди ва шу билан Хитой билан потенциал эркин савдо зоналарини яратиш масаласини шубҳа остига қўйди.
Ниҳоят, Шинжон-Уйғур автоном районидаги озчиликлар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни таъкидлаб ўтиш жоиз. Бироқ Марказий Осиё давлатлари бу масалада етарлича прагматик бўлиш мумкинлигини кўрсатди. Яъни, Пекин олиб бораётган сиёсатга қарши чиқмаслик, лекин, шу билан бирга, дипломатик каналлар орқали бу ҳудуддаги Марказий Осиё давлатлари паспортига эга фуқаролар билан боғлиқ вазиятни ҳал қилишга уриниш каби.
Ҳозир нисбатан кескинлик нуқтаси сифатида минтақада Хитойга қарши кайфиятнинг кучайишини келтириш мумкин. Лекин бу унчалик яққол тенденция эмас. Шунинг учун Хитой бунга эътибор қаратмаяпти, аксинча ижтимоий соҳадаги иштирокини ошириш, ахборот, маданий ва бошқа ҳамкорлик шаклларини кучайтириш орқали минтақа мамлакатлари жамиятларида ўз имиджини яхшилашга уринмоқда. Умуман олганда, бошқа аниқ кескинлик нуқталарини кўрмаяпман.
Назаримда, яқин истиқболда томонлар ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларига эътибор қаратади. Биринчидан, Марказий Осиёдаги инфратузилма лойиҳалари. Хитой аллақачон «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Томонлар Хитой, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги газ қувурининг тўртинчи тармоғини қуриш фикридан ҳали ҳам воз кечмаган. Ўрта йўлак лойиҳаси ҳам мавжуд.
Иккинчидан, муқобил энергетика ва иқтисодий ривожланишни «яшиллаштириш». Хитой буни етарлича фаол эълон қиляпти ва қуёш энергетикаси соҳасида Пекин асосий инвестор бўлган лойиҳалар аллақачон мавжуд. Учинчидан, бу технологик ҳамкорлик. Бу йўналиш ҳам давлат, ҳам хусусий сектор даражасида истиқболли ҳисобланади.
Менинг назаримда, саммит форматнинг ҳам рамзий, ҳам амалий аҳамиятини намоён этиб, минтақавий дипломатияда муҳим босқичга айланди.
Икки муҳим ҳужжат — Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда «Марказий Осиё — Хитой» иккинчи саммитининг Остона декларацияси имзоланиши муҳим натижа ҳисобланади. Бундан ташқари, кенг кўламли тармоқ келишувлари, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларининг саноат соҳасидаги мутасадди идоралари ва ХХР Саноат ва ахборотлаштириш вазирлиги ўртасидаги ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши ҳам эътиборга молик.
Саммит якунлари бўйича қабул қилинган битимлар шерикликни ривожлантиришнинг учта асосий йўналишига ишора қилади. Биринчидан, савдо-иқтисодий интеграция, жумладан, иқтисодиёт ва савдо вазирликлари ўртасида ҳаракатлар режасини келишиш, трансчегаравий тартиб-таомилларни соддалаштириш, рухсат бериш амалиётини енгиллаштириш ва божхона хатарларини биргаликда бошқариш. Иккинчидан, «Хитой — Марказий Осиё — Европа» темир йўл экспресслари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, «Бир макон, бир йўл» ташаббусини амалга оширишга қаратилган инфратузилма ва транспорт алоқалари.
Учинчидан, барқарор инвестициялар ва саноат кооперацияси, бунда «яшил минераллар», технологик алмашинув, саноат ва рақамли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма ҳаракатлар назарда тутилади. Ушбу ҳамкорлик соҳаси айниқса Қозоғистон учун манфаатли. Хусусан, саммит доирасида Қозоғистон ва Хитой компаниялари ўртасида қиймати 24 миллиард доллардан ортиқ бўлган 58 та тижорат шартномаси имзоланди.
Саммитда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 2026 йилни Марказий Осиё — Хитой платформаси доирасида Таълим ва илмий тадқиқотлар йили деб эълон қилишни таклиф этди. Хитой компаниялари иштирокида қўшма лабораториялар ва муҳандислик академияларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ташаббус иқтисодий интеграциянинг юқори даражасини (2024 йилда Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 44 миллиард долларни ташкил этган) тўлдирган ҳолда илмий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, Остона лойиҳалар, қонунчилик ва бизнес имкониятлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Марказий Осиё — Хитой» ягона рақамли порталини яратишни таклиф қилмоқда.
«Марказий Осиё — Хитой» иккинчи саммити минтақа кун тартибидаги сифатли силжишни кўрсатди. Ҳамкорлик савдо ва хомашё алоқалари доирасидан чиқиб, барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли йўналишларига, жумладан, гуманитар, таълим, технология ва ҳатто хавфсизлик масалаларига эътибор қаратилмоқда.
Фикримча, ўзаро боғланган транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва муҳим йўлаклар бўйлаб ишлаб чиқариш базасини мустаҳкамлаш ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири бўлиши керак. Ўрта коридор тобора кўпроқ атрофида саноат зоналари, технопарклар, логистика тугунлари ва қайта ишлаш кластерлари шаклланадиган иқтисодий артерия сифатида кўриб чиқилмоқда. Бу Марказий Осиёнинг глобал ишлаб чиқариш занжирларига қўшилиши учун шароит яратади.
Қўшма корхоналарни ишга тушириш, айниқса, қайта ишлаш ва агросаноат тармоқларида юқори қўшилган қийматли илғор технологик ишлаб чиқаришларни ташкил этишга ҳам эътибор қаратиш лозим. Қозоғистон Хитой компанияларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини маҳаллийлаштириш, илғор агротехнологиялар ва сувни тежайдиган ечимларни жорий этишда иштирок этиши масаласини кўриб чиқмоқда. «Хоргос» чегараолди ҳамкорлик халқаро маркази ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлаши кутилмоқда.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорликда истиқболлар пайдо бўлаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Қозоғистон икки-учта АЭС қуриш режасини эълон қилди ва Хитойнинг CNNC компаниясини бу йўналишда ишончли стратегик ҳамкор сифатида кўрмоқда. Қозоғистон аллақачон Хитойга уран ва ядро ёқилғиси етказиб бераётганини ҳисобга олсак, бу ҳамкорлик атом энергетикасида технологик кооперация томон мантиқан кенгаймоқда.
Ниҳоят, илм-фан, рақамли технологиялар ва кадрлар тайёрлаш соҳаларидаги шерикликни, шунингдек, табиатдан барқарор фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ҳамкорликни ривожлантиришни ҳам унутмаслик керак. «Марказий Осиё — Хитой» формати логистика ва энергетикадан тортиб инновациялар ва агросаноатгача бўлган комплекс ривожланиш платформасига айланмоқда.
Марказий Осиё мамлакатлари учун «Марказий Осиё — Хитой» формати бошқа шунга ўхшаш форматлардан кўра муҳимроқ аҳамиятга эга. Бунинг сабаби шундаки, Хитой минтақанинг ҳар бир мамлакати учун икки томонлама муносабатлар доирасида «C5+» форматидаги аксарият ёки ҳатто барча бошқа мамлакатларга нисбатан, шунингдек, савдо, инвестициялар ва, энг асосийси, яқин истиқболда инвестициялар ҳажми ва лойиҳалар сонини ошириш имкониятлари нуқтаи назаридан муҳимроқ ўрин тутади. Шунингдек, Хитой глобал геосиёсатнинг ўзгарувчан тизимида энг муҳим куч сифатида ушбу форматни илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатларини намойиш этмоқда.
Бошқа «C5+» мулоқот форматлари, шубҳасиз, ташқи сиёсатда анъанавий равишда кўп векторли ёндашувларни қўллайдиган минтақа мамлакатлари учун муҳим ва ўзига хос аҳамият касб этади. Бироқ Марказий Осиёнинг турли давлатлари учун бу форматларнинг аҳамияти объектив сабабларга кўра турлича. Хитой билан ҳамкорликни ўзига хос қиладиган омиллар эса кўпроқ.
Имзоланган Дўстлик шартномасини бошқа тор йўналишдаги битимлар учун асос бўладиган асосий ҳужжат деб ҳисоблайман. Узоқ вақт давомида Хитойга катта қўшни сифатида қаралган. Жамиятда Хитойга нисбатан ишончсизлик даражаси бошқа йирик ташқи ўйинчиларга қараганда юқорироқ эди. Саммит давомида кузатилган дўстона оҳанг, менимча, ана шу муносабатни яхши томонга ўзгартиришга қаратилган. Хитой имиджини яхшилаш келажакдаги ҳамкорлик ва жиддийроқ қарорлар қабул қилиш учун жуда муҳим.
Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги мавжуд ёки потенциал кескинлик нуқталари ҳақида гапирганда, таъкидлаш жоизки, бу халқаро муносабатларнинг табиий қисми ҳисобланади. Улар турли соҳаларда — қарз мажбуриятларидан тортиб учинчи мамлакатлар билан муносабатларгача намоён бўлиши мумкин. Бироқ айни пайтда минтақа ва Хитой ўртасида бундай муаммолар — энг камида ҳозирча — йўқ, деб ўйлайман. Агар томонлар тегишли масъулиятни намоён этса, ўзаро ҳамкорликнинг ўсиш нуқталарига эътибор қаратиб, бундай муаммолардан қочишнинг имкони бор.
Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари қаторида транспорт-логистика алоқалари, энергетика соҳаси (айниқса, қайта тикланувчи манбалар), савдо ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига инвестицияларни ошириш лойиҳаларини санаб ўтган бўлардим. Хитой учун геосиёсий масалалар ҳам жуда муҳим бўлиши мумкин (айниқса, унинг Россия, АҚШ ва бошқа мамлакатлар билан муносабатлари туфайли), бироқ бу масала юқорида айтиб ўтилган соҳаларда ўз-ўзидан ҳал бўлади.
Саммитни самарали бўлди, деб ишонч билан айтиш мумкин. Асосий натижа сифатида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасида Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганини таъкидлаган бўлардим. Бу шартномани Хитой томонидан тақдим этилган қандайдир хавфсизлик кафолати сифатида кўрмаслик керак. Бироқ у Марказий Осиё мамлакатлари ва Пекин ўртасидаги муносабатларнинг башоратлилиги ва ишончлилигини оширади. Томонлар бир-бирининг суверенитетини ҳурмат қилиш, стратегик шерикликни ривожлантириш, кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш мажбуриятини олди. Хитой билан минтақавий шерикликнинг бу формати, шубҳасиз, Марказий Осиёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга хизмат қилади, шунингдек, биргаликда ривожланиш учун қулай шароит яратади.
Саммитнинг иккинчи муҳим натижаси, менинг назаримда, савдо-иқтисодий ҳамкорлик устуворлигининг тасдиқланиши. Томонлар иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича шерикликни ривожлантиришга тайёрликларини билдирди. Бу йўналишлар тўсиқсиз савдо ва саноатдан тортиб инвестицияларгача, инфратузилмавий ўзаро боғлиқлик, табиатдан барқарор фойдаланиш, шу жумладан, яшил минераллар, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва фуқароларнинг ўзаро ташрифларини соддалаштириш кабиларни ўз ичига олади.
Ниҳоят, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ХХР билан музокараларни якунлаш тўғрисидаги протоколнинг имзоланишига ҳам эътибор қаратиш лозим. Бу келишув икки томонлама муносабатларга тааллуқли бўлса-да, у саммит доирасида имзоланди ва Хитойнинг Ўзбекистон глобал савдо тизимига интеграциялашув йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқловчи муҳим сигнал бўлди.
Ўзбекистон томонидан билдирилган ташаббуслардан биттасини алоҳида ажратиб кўрсатадиган бўлсак, технологиялар трансфери бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни яратиш таклифини қайд этган бўлардим. Бу ғоя технологиялар алмашинуви соҳасида Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой бизнеси, етакчи илмий институтлари ва муҳандислик марказларининг яқин ҳамкорлигини назарда тутади. Гап фақат ускуналарни етказиб бериш ҳақида эмас. Мутахассисларни ўқитиш, технологияларни маҳаллий шароитларга мослаштириш, шунингдек, уларни жорий этишни узоқ муддатли қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган комплекс жараённи бошлаш таклиф қилинмоқда. Бу саноат, қишлоқ хўжалиги, қайта тикланадиган энергетика, сув ресурсларини бошқариш соҳаларида илғор технологияларни жорий этишга, маҳаллий кадрларни ривожлантиришга, шунингдек, минтақанинг технологик мустақиллигини таъминлашга ёрдам бериши мумкин.
Бугунги кунда Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг қулай омили кескинлик нуқталарининг мавжуд эмаслигидир. Табиийки, ҳамкорликнинг жадаллашуви қандайдир мунозарали масалаларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ тажриба шуни кўрсатадики, томонлар юзага келган масалаларни маслаҳатлашув ёки музокаралар орқали муваффақиятли ҳал қиладилар. Айни пайтда экспертлар ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Бу ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаши керак.
Ҳамкорликда устуворлик бериш зарур бўлган соҳалар ҳақида гап кетганда, аввало иқтисодиёт ва савдони таъкидлашни истардим. Хитой аллақачон минтақанинг етакчи савдо шеригига айланган. 2024 йилда товар айланмаси 94,8 миллиард долларга етди, 2025 йилда эса 100 миллиард долларга етиши кутилмоқда. 2024 йил ҳолатига кўра, Хитойдан Марказий Осиё мамлакатларига тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитларнинг умумий ҳажми 24 миллиард доллардан ошди. Бу қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш ва технологияларни жалб этишга ёрдам беради. Бироқ унинг сифатли бажарилишини таъминлаш учун доимий фаолият кўрсатадиган мувофиқлаштириш механизмини яратиш зарур. Ўзбекистон президентининг ўзаро савдо ва инвестицияларни кенгайтириш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган Савдо ва инвестициялар бўйича минтақалараро кенгаш тузиш тўғрисидаги таклифи алоҳида диққатга сазовор.
Яна бир муҳим соҳа, менинг назаримда, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик. Марказий Осиё Евроосиёнинг транзит маркази сифатида муҳим рол ўйнайди. ЕОТБ ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб минтақанинг асосий йўлаклари бўйлаб юк ташиш ҳажми 1,5 баробарга ошиб, 95 миллион тоннага етади. Шу муносабат билан Ўзбекистоннинг намунали йўналишлар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун эксперт гуруҳларини тузиш, шунингдек, транспорт йўлаклари ва транзит инфратузилмасининг ягона харитасини шакллантириш ташаббуси ўз вақтида илгари сурилган. Бу минтақавий транспорт тармоғини тизимли ривожлантириш, транзит самарадорлигини ошириш ва Марказий Осиёнинг Хитой ҳамда қолган дунё ўртасидаги асосий логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш имконини беради.
Учинчи соҳа сифатида рақамли трансформацияни ажратиб кўрсатган бўлардим. Минтақа мамлакатлари учун бу келажакдаги рақобатбардошлик масаласидир. Марказий Осиё бошқарув, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани фаол рақамлаштирмоқда, Хитой эса бу борада дунёда етакчилардан бири ҳисобланади. Тошкент томонидан таклиф этилган сунъий интеллект ва трансчегаравий электрон каналлар асосида ишлайдиган ўзаро боғланган маълумотлар банклари ва процессинг марказлари тармоғини яратиш замонавий рақамли инфратузилмани барпо этишга ёрдам беради, маълумотлар алмашинувини осонлаштиради ва Хитой ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги технологик ҳамкорлик майдонини кенгайтиради.
Менинг фикримча, ягона «C5+» формати ҳақида гапириш муболаға бўларди. Одатда, бундай ҳолатда қисман бирхиллаштириш кўпроқ лингвистик характерга эга бўлиб, учрашувларнинг дипломатик ва расмий қисмини соддароқ тасвирлаш имконини беради. Уларнинг мазмуни эса учрашувларда иштирок этаётган барча томонларнинг ҳақиқий манфаатлари ва имкониятларига боғлиқ.
Масалан, «C5+» сифатида амалга оширилаётган барча лойиҳалардан фарқли ўлароқ, Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан «Марказий Осиё — Хитой» форматидаги ўзаро ҳамкорлиги муҳим институционал асосга эга — Сиань шаҳрида жойлашган ва 2024 йилдан бери фаолият юритаётган котибият, шунингдек, икки томонлама эмас, балки умумий шартномавий асос — Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома (17 июнь куни имзоланган ва ратификация қилинишини кутаётган) мавжуд.
Мен саммитда имзоланган Дўстлик шартномасини Хитой томонидан минтақа хавфсизлигининг кафолати деб ҳисобламаган бўлардим. Албатта, келишув барча томонларнинг хавфсизлигига оид моддаларни ҳам ўз ичига олади. Масалан, ўзаро ҳужум қилмаслик, ички ишларга аралашмаслик, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик. Лекин у ўзаро ёрдам шартларини ҳам, айниқса, қандайдир иттифоқчилик муносабатларини ҳам белгиламайди.
Хитой ва Марказий Осиё ўртасидаги мавжуд ёки потенциал кескинлик нуқталарига келсак, шуни таъкидлаш керакки, улар ҳар қандай халқаро муносабатларда доимо мавжуд. Гап уларнинг бор ёки йўқлигида эмас, балки қандай ҳал этилишидадир. Ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги аксарият муаммоли масалалар — масалан, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш — дипломатик даражада ҳал қилинмоқда. Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома бундай тартибга келажакда ҳам риоя этилишини назарда тутади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.