«ЕОИИ билан ҳамкорлик — ташқи иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири» — Ўзбекистон президенти

«ЕОИИ билан ҳамкорлик — ташқи иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири» — Ўзбекистон президенти

Беларусь Республикасида бўлиб ўтган Олий даражадаги Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Нутқ матни Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Йиғилиш аввалида президент Беларусь раҳбариятига миннатдорлик билдириб, «Евроосиё иқтисодий иттифоқида Беларусь томонининг самарали раислиги натижасида кўптомонлама амалий ҳамкорлик фаоллашганини» таъкидлади. У ўз нутқида жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазиятга эътибор қаратди.

«Протекционизм ва санкциялар сиёсатининг кучайиши, савдо-логистика занжирларининг бузилиши ва хорижий шерикларнинг инвестициявий фаоллиги қисқариб бориши оқибатларининг салбий таъсирини биз Ўзбекистонда тўлиқ ҳис этмоқдамиз», — деди давлат раҳбари.

«Бизнинг табиий ва анъанавий шерикларимиз бўлган Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш ташқи иқтисодий сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлаб ўтмоқчиман», — деди президент.

Президент сўнгги тўрт йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан ҳамкорликдаги ютуқларига тўхталиб, «Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 80 фоизга ўсиб, 2023 йил якунида 18 миллиард долларни ташкил этди», дея маълум қилди. Шунингдек, қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони уч баробарга кўпайганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан амалга оширилаётган қатор йўналишларни санаб ўтди. «Евроосиё агро экспресс» лойиҳасида фаол иштирок этиш, электрон савдо ва маҳсулотларни рақамли маркировка қилиш, юкларни ташишни рақамлаштириш, иқлим масалалари бўйича дастурларда ҳамкорлик шулар жумласидан.

Шунингдек, президент Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиш жараёни якунланганини маълум қилди.

«Апрель ойида барча тартиб-таомилларни якунладик ва Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги битимга қўшилдик. Банк билан инфратузилмани модернизация қилиш, металлургия, тўқимачилик, кимё соҳаларида истиқболли лойиҳалар портфели ишлаб чиқилмоқда», — деди Мирзиёев.

Ўзаро савдо ва саноат кооперациясини кенгайтириш масаласига тўхталар экан, президент шундай деди:

«Биз ўзаро савдо айланмасини кенгайтириш учун қулай шароитларни шакллантиришга муҳим аҳамият қаратамиз. Ўзбекистон мамлакатларимиз ўртасидаги эркин савдо ҳудуди фаолиятини таъминлаш билан боғлиқ барча келишувларни тўлиқ ҳажмда бажармоқда», — деди давлат раҳбари

Президент савдо операциялари тартиб-таомилларини соддалаштириш ва техник тартибга солиш тизимларини яқинлаштиришга қаратилган қатор таклифлар экспертлар томонидан ўрганиб чиқилишини тезлаштириш зарур эканини таъкидлади.

«Савдони қўллаб-қувватлашда техник тартибга солишнинг рақамли тизимлари ва Иттифоқнинг рақамли транспорт йўлаклари экотизими, Евроосиё қайта суғурталаш компанияси каби восита ва механизмларга қўшилишдан манфаатдормиз. Бу бизнинг бизнесимиз учун шароитни сезиларли даражада енгиллаштиради, мамлакатларимизнинг товар бозорларига ўзаро киришида қулай имкониятларни таъминлайди», — деди давлат раҳбари.

Мирзиёев рақамлаштириш, сунъий интеллект ва электрон савдо йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди:

  • маҳсулотларни рақамли маркировка қилиш,
  • янги авлод логистика платформаларини яратиш,
  • сунъий интеллектни аниқ тармоқларда жорий этиш.

Шунингдек, президент «Ўзбекистон чегаралардан ўтишни тезлаштириш ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида ягона интеграллашган ахборот тизимида иштирок этишга тайёрлигини» билдирди.

Меҳнат бозорида ҳамкорликка оид фикрлар ҳам билдирилди. Президент профессионал стандартлар ва малака талабларини яқинлаштириш масалаларини экспертлар даражасида муҳокама қилишни таклиф қилди ва «Чегара билмайдиган иш» интеграциялашган платформасига қўшилишга тайёрлигини маълум қилди.

«Сўзимнинг якунида Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида биз амалий ҳамкорликни кенгайтиришга содиқ эканимизни яна бир бор тасдиқлайман. Аминманки, Ўзбекистоннинг юқорида таъкидлаб ўтилган кўптомонлама дастур ва лойиҳаларда иштирок этиши иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилади ва бугунги шароитда мамлакатларимизнинг барқарор ривожланишига имкон беради», — дея нутқини якунлади Ўзбекистон раҳбари.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.