Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Шри-Ланкага янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси қароргоҳи (Исломобод шаҳрида жойлашган) Алишер Тўхтаев мамлакат давлат протоколи раҳбари Роҳана Амбаголлага ишонч ёрлиғи нусхаларини топширди, дея хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Роҳана Амбаголла мазкур қадам икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим сиёсий қарор бўлиб, ўзаро ҳамкорликка янги суръат бағишлашини таъкидлади.

«Шри-Ланканинг Ўзбекистон билан янги форматдаги ҳамкорликка очиқлиги тасдиқланди ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг глобал Жануб билан яқинлашиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш бўйича ташаббуслари юқори баҳоланди», — дейилади хабарда.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида иқтисодий дипломатияни ривожлантириш масалалари, ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Икки томонлама савдо айланмасининг ҳозирги ҳажми қониқарсиз экани қайд этилиб, ушбу кўрсаткични яқин истиқболда 50 млн долларга етказиш учун аниқ чораларни кўришга келишиб олинди.

Экспорт ва импорт суратларини ошириш учун транспорт ва логистика ечимларини биргаликда ишлаб чиқиш, ахборот технологияларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн платформа ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда йўлга қўйиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамиз, Алишер Тўхтаев 2024 йилнинг октябридан буён Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида фаолият юритиб келади. Бунгача у ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.