Қайд этилишича, Таиланд ва Камбоджа чегарасида юз берган ҳодиса ортидан шаклланган вазият Ўзбекистон томонидан диққат билан кузатилмоқда. Расмий Тошкент барча томонларни можаро ва низоларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга, шунингдек, халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя этишга чақирган.
Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги бош консулхонаси маълумотларига кўра, ҳозирда Таиланд ёки Камбоджада истиқомат қилаётган ҳамда у ерга вақтинча сафар қилган Ўзбекистон фуқаролари орасида жабрланганлар йўқ. Консуллик пойтахт Бангкок ва бошқа йирик туристик шаҳарлардаги вазиятни барқарор, хорижий фуқаролар учун хавфсиз деб баҳоламоқда.
Шу билан бирга, фуқароларга расмий хабар ва тавсияларни доимий кузатиб бориш тавсия этилди.
Фавқулодда вазиятлар юзага келгудек бўлса, Ўзбекистон фуқаролари Бангкокдаги Бош консулхона билан қуйидаги телефон рақамлари орқали боғланишлари мумкин: (+66−2) 675−3995, (+66−2) 675−3996.
Вазирлик ватандошлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур чораларни кўришда давом этишини билдирди.
Маълумот учун, Таиланд ва Камбоджанинг камида 16 кишининг ўлимига сабаб бўлган чегара можароси 24 июль куни бошланганди.
Икки давлат ҳам зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги минтақа ва ундан ташқаридаги чақириқларга қарамай, жума куни ҳам кучли артиллерия отишмаларини алмашишда давом этмоқда. Бу сўнгги ўн йилдан ортиқ вақт ичидаги энг жиддий жангга айланди, деб таъкидлади Reuters.
Расмийларнинг айтишича, Таиланд томонидаги можаро ҳудудларидан 100 минг киши эвакуация қилинган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.