Шавкат Мирзиёев Россияга самолёт ҳалокати муносабати билан таъзия йўллади

Шавкат Мирзиёев Россияга самолёт ҳалокати муносабати билан таъзия йўллади

Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путинга Амур вилоятида йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани оқибатида кўплаб одамлар қурбон бўлгани муносабати билан таъзия мактуби йўллади, деб хабар берди ЎзА.

«Давлатимиз раҳбари марҳумларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик изҳор этди», — дейилади хабарда.

«Ангара» авиакомпаниясининг Ан — 24 йўловчи самолёти 24 июль куни Амур вилоятида ҳалокатга учради. Самолёт қолдиқлари Тинда шаҳридан 16 километр узоқликдаги тоғ ёнбағрида топилган. Россия ФВВга кўра, Росавиациянинг Ми — 8 вертолёти самолёт фюзеляжи ёнаётганини аниқлаган.

Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлганларнинг барчаси — 49 киши, жумладан, 5 бола ва 6 нафар экипаж аъзоси ҳалок бўлган. Минтақавий фавқулодда ҳолат режими жорий этилди ва уч кунлик мотам эълон қилинди.

Россия Тергов қўмитасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 263-моддаси 3-қисми (Эҳтиётсизлик оқибатида иккидан ортиқ кишининг ўлимига олиб келган ҳаво транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича жиноий иш қўзғатди. Идора ҳам самолёт бортидаги барча шахслар ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Тафсилотларни ўрганиш учун криминалист ва экспертлар юборилган, ҳодиса оқибатларини бартараф этишга 205 нафар мутахассис, 34 та техника, жумладан, Россия ФВВнинг Ми — 8 вертолёти жалб этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.