Шавкат Мирзиёев денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар муаммоларини ечиш учун таклифлар берди

Шавкат Мирзиёев денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар муаммоларини ечиш учун таклифлар берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 август куни Туркманбоши шаҳридаги «Аваза» миллий туризм ҳудудида ўтаётган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференциясида иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган тадбирда БМТ бош котиби Антониу Гутерриш, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, бошқа қатор давлат ва ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари ҳам иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида Туркманистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, глобал ва минтақавий барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади.

Конференцияда муҳокама қилинаётган масалалар ҳаётий муҳим аҳамиятга эга эканини, чунки денгиз портларидан жўғрофий узоқлик ва бир неча мамлакат ҳудудларини кесиб ўтиш зарурати бир қатор объектив муаммоларни келтириб чиқараётганини таъкидлади.

Тарифларнинг юқорилиги, транспорт йўлаклари ва инфратузилмасининг чекланганлиги, бошқа мамлакатларнинг божхона-транзит сиёсатига қарамлик шулар жумласидан.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, транспорт харажатларининг катталиги ва транзит тизимининг беқарорлиги туфайли Марказий Осиё минтақаси ҳар йили ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизигача йўқотмоқда. Логистика харажатлари маҳсулотлар умумий нархида 60 фоизгача етмоқда. Бу рақам жаҳондаги ўртача кўрсаткичлардан бир неча баробар юқоридир.

«Бугун бизни бирлаштирган кун тартиби фундаментал масала — адолат масаласига дахлдордир. Бу — денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган давлатларга жаҳон иқтисодиётида тенг шароитларда иштирок этиш имкониятини таъминлашдир», — деди президент.

Давлат раҳбари бунинг учун учта принципиал шартни бажариш лозим эканини таъкидлади. Булар — барқарор ривожланиш асоси сифатида инфратузилмани модернизация қилиш, транзит муаммоларини бартараф этиш мақсадида ўзаро боғлиқликни кучайтириш, глобал тенг ҳуқуқлиликнинг муҳим элементи бўлган ривожланиш ҳуқуқини таъминлашдир.

«Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва шериклик янги даражага кўтарилгани эса жадал ўзгаришларга кучли туртки бермоқда. Ҳозирги кунда минтақамизда ягона транспорт-логистика макони шаклланмоқда. Марказий Осиёни Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануби ўртасидаги тўлақонли транзит хабига айлантириш учун дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда», — дея қайд этди президент.

«2025 йилда ҳамкорларимиз билан бирга Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўли қурилишига киришдик. Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия транспорт йўлагида юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ўсди», — дея қайд этди президент.

Шавкат Мирзиёев умумий таҳдид ва муаммоларни енгиб ўтиш бўйича аниқ, амалий ва институционал жиҳатдан таъминланган қарорлар ўта муҳимлигини таъкидлаб, бу бўйича қуйидаги таклифлар берди.

Халқаро транспорт йўлаклари ва инфратузилмасини жадал ривожлантириш учун мувофиқлаштирилган ҳаракатлар. Президент мамлакат Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўлини қуриш лойиҳасини тайёрлаш ва амалга оширишни тезлаштириш тарафдори эканини қайд этди. «Ушбу истиқболли йўлакни қурилаётган Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўл магистрали билан боғлаш кенг минтақамизда янги савдо-иқтисодий макон ва барқарор транспорт инфратузилмасини шакллантириш учун катта имкониятлар очади», — деди у.

Шунингдек, давлат раҳбари, Ўрта йўлакни ривожлантиришга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. «Уни тўлиқ ишга тушириш учун, биринчи навбатда, келишилган транзит сиёсати, тартиботларни соддалаштириш ва контейнерларда юк ташиш учун мақбул тарифларни жорий этиш муҳимдир», — деди Мирзиёев.

БМТ шафелигида денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Транзит кафолатлари тўғрисидаги глобал битимни ишлаб чиқиш. Президентни қайд этишича, бундай механизм портлар ва коммуникациялардан адолатли фойдаланиш шартларини таъминлайди, юк ташишда хавф-хатарларни пасайтиради, глобал логистикада тенгсизликни камайтиришга хизмат қилади.

Йирик инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун мослашувчан инвестиция воситалари. Давлат раҳбари Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш учун зарур бўлган сармоялар йилига қарийб 40 миллиард доллар, деб баҳоланмоқда.

«Шу муносабат билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг логистика интеграциясига кўмаклашиш жамғармасини таъсис этишни таклиф этамиз. Ушбу жамғармага донор мамлакатлар, халқаро ривожланиш институтлари ва глобал дастурлар ресурсларини кенг жалб этиш мақсадга мувофиқ», — деди президент.

Денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатларнинг Заифлик глобал индекси. Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, бу мамлакатларнинг транзит борасида чекланган имкониятларини холис кўриб чиқиш ва мавжуд шароитлардан келиб чиқиб, халқаро молиявий-техник дастурларни кенгайтириш ва ресурсларни самарали тақсимлашнинг таъсирчан воситасига айланади.

«Энг асосийси — ушбу индекс мамлакатларимизнинг рақобатбардошлиги ва ишбилармонлик муҳитини адолатли баҳолашда ҳисобга олиниши керак», — деди у.

Ўзбекистонда агротармоқни ривожлантириш учун Инновацион хабни яратиш. «Мазкур хаб мослашувчан агротехнологияларни татбиқ этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид инновацион лойиҳаларни илгари суриш, ўзаро билим ва тажриба алмашишга хизмат қилади», — деди президент.

Умумий таҳдидларни биргаликда бартараф этиш. Бу бўйича, президент, аниқ таклифлар ишлаб чиқишга мамлакатлар етакчи экспертлари ва «ақл марказлари»ни фаол жалб этиш муҳимлигини қайд этди.

«Бу борада халқаро анжуман ва давра суҳбатлари ўтказишни таклиф қиламиз. Бундай тадбирлар кун тартибига глобал ишлаб чиқариш занжирларига мамлакатларимизнинг чуқур интеграциясини таъминлаш, сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жадал ривожлантириш, трансчегаравий инвестицияларни кенгайтириш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш масалаларини киритиш мумкин», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ўзбекистон, шунингдек, денгизга чиқиш йўлига эга бўлмаган мамлакатлар учун Халқаро таҳлил маркази фаолиятига қўшилиш ниятида эканини маълум қилди.

«Глобал бозорларга чиқиш барча учун тенг бўлиши керак. Бу — нафақат иқтисодий зарурат, балки биринчи галда, барқарор ривожланишнинг муҳим омили, халқаро муносабатларда ишонч ва ҳамкорлик шартидир. Ўзбекистон глобал тараққиётнинг янада адолатли архитектурасини шакллантириш борасида конструктив ва узоқ муддатли шерикликка доим очиқ ва тайёр эканини сизларга яна бир бор билдирмоқчиман», — дея нутқини якунлади Шавкат Мирзиёев.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.