«Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Франциянинг икки томонлама алоқалари мислсиз динамикани намоён этди, мамлакатларимиз тарихий марраларга эришди, давлатларимиз стратегик ҳамкорларга айланди», — деб ёзди вазир.
Орелия Бушез 2021 йил 8 октябрь куни ўша пайтлардаги Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловга ишонч ёрлиқларининг нусхасини топширганди. 2021 йилнинг 27 декабрида эса у Шавкат Мирзиёевга ишонч ёрлиғини тақдим этган.
Маълумот учун, 2025 йил 12 март куни Париж шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэль Макрон Стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни қабул қилганди.
Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонасига кўра, Париж Сиёсий тадқиқотлар институти ва ENA битирувчиси бўлган Бушез ўз фаолиятини Париж мэриясида маъмур сифатида бошлаган (1984−1989), сўнгра Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Европа бўйича бошқармасига ишга ўтган (1989−1993).
У 1993−1995 йилларда Франциянинг Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотидаги (Брюссель шаҳри) доимий ваколатхонасида сиёсий маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, сўнгра БМТ ва халқаро ташкилотлар идорасида муваққат ишлар вакили этиб тайинланган (1996−1998), сўнгра Лиондаги G7/G8 миссияси бош котибининг ўринбосари (1996−1998), сўнгра Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 50 йиллигини нишонлаш бўйича вазирликлараро миссия бош котибининг ўринбосари бўлган (1998−1999).
Бушез ўз фаолиятини Франциянинг Москвадаги элчихонасида сиёсий маслаҳатчи (1999−2003) лавозимида давом эттирган, сўнгра Франция Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Европа бошқармаси бошлиғининг ўринбосари (2003−2005), кейин эса Шарқий Европа бошқармаси бошлиғининг ўринбосари бўлган (2005−2007).
Шундан сўнг у Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига бош котиб ўринбосари (2007−2010), Европа ташқи ишлар хизматига элчи, Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги делегацияси раҳбари (2011−2015) лавозимларига тайинланган. Кейин эса у Ташқи ишлар вазирлигига қайтган ва Франциянинг Озарбайжондаги элчиси этиб тайинланган (2015−2019).
Икки йил давомида (2020−2021 йиллар) Бретан вилояти префектининг дипломатик маслаҳатчиси лавозимида ишлаган Бушез Марказий Осиёга қайтган ва 2021 йил 6 октябрдан буён Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келаётганди.
Элчи Фахрий легион ва «Хизматлари учун» миллий орденлари билан тақдирланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.