Ўзбекистон ва АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши кузда бўлиб ўтади

Ўзбекистон ва АҚШ Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши кузда бўлиб ўтади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 август куни амалий ташриф билан мамлакатда бўлиб турган АҚШнинг глобал шерикликлар бўйича махсус элчиси Паоло Замполлини қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашувда Ўзбекистон-Америка стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хабарда таъкидланишича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи йиғилиши жорий йилнинг кузида бўлиб ўтади.

Учрашувда мамлакатлар ўртасида хавфсизликни таъминлаш, терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳаларида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳам муҳокама қилинди.

2024 йилда савдо айланмаси 15 фоизга кўпайди. Лойиҳа портфели 11 миллиард доллардан ошади.

Июнь ойида бўлиб ўтган Тошкент инвестиция форумида Американинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари иштирок этди.

Томонлар минерал-хомашё, авиация, электротехника, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, молия, инновациялар, таълим ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этди.

«C5+1» формати доирасида минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва АҚШ ҳар йили Стратегик шериклик бўйича мулоқот ўтказмоқда. Жами тўртта раунд ўтказилди, энг сўнггиси 2024 йилнинг ноябрида бўлиб ўтди. Унда томонлар муҳим материалларни қазиб олиш масалаларини муҳокама қилди ва савдо ва сармояни диверсификация қилишни давом эттириш, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини илгари суриш, аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришларини биргаликда ҳал қилиш ва тоза энергияга ўтишни қўллаб-қувватлаш истагини билдирди.

2025 йил бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига АҚШнинг янги маъмурияти вакиллари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш ва олий даражадаги ташрифни ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида АҚШ билан Кенгайтирилган стратегик шериклик мулоқотининг биринчи босқичини юқори даражада ўтказиш вазифаси қўйилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.