Подкаст бошловчиси авваллари Ғарб Ўзбекистон билан музокараларда инсон ҳуқуқлари, демократия бўйича саволлар билан юзланганини эслатиб, ҳозирги ҳолат қандай эканига қизиқди,
Камилов ушбу саволлар доим кун тартибида туришини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳозирда АҚШ бундай саволларни кам кўтармоқда.
«Савол доим кун тартибида турибди. Нега деганда, мана шу демократик ўзгаришларда тўхташ мумкин эмас. Бу давлат қанча ривожланган сари, қанчалик мана шу жараён давом этади. Доим камчиликлар чиқиб туради. Шунинг учун, чет давлатларда, мана ҳозир Америка Қўшма Штатларида бироз нафасини босиб, бунақа ўткир масалаларни кам кўтаришяпти», — деди президент маслаҳатчиси.
Унинг айтишича, Европадаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун ҳозирда мамлакат эшиги очиқ.
«Лекин бу ерда Европа бор, у ерда ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Европада мана шу инсон ҳуқуқлари ташкилотлари жуда ривожланган. Уларга биз эшигимизни ёпаётганимиз йўқ. Марҳамат, келсин, кўрсин, бизга насиҳат берсин. Агар бу бизга маъқул бўлса, албатта, бирга ишлаймиз. Маъқул бўлмаса, менталитетимизга, бизнинг анъаналаримизга тўғри келмаса, биз буни қабул қилмаймиз. Лекин кун тартибимизда қандайдир ёпиқ мавзу йўқ, мутлақо», — деди Камилов.
Абдулазиз Камилов ушбу подкастда Тошкент ва Вашингтоннинг қатор минтақавий ва глобал масалалар бўйича қарашлари тобора яқинлашиб бораётганини айтди.
«Ҳозир мана президент Трамп билан бизнинг дунёқарашимиз, бизнинг муносабатларимиз регионал, минтақавий ва халқаро масалаларга бир-бирига жуда яқин бўляпти» — деди маслаҳатчи.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.