Ўзбекистон мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш масалалари, шунингдек, 13 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросининг бориши кўриб чиқилди.
Дунёда кескинлик ва можаролар ўчоқлари сақланиб қолаётгани, геосиёсий рақобат кучайиб, янги хатар ва таҳдидлар хавфи ортиб бораётгани таъкидланди. Айрим минтақалардаги ҳарбий ҳаракатлар жиддий гуманитар ва иқтисодий оқибатларга олиб келаётган нотинч халқаро вазият шароитида мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ҳамда хавфсизлигини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Мудофаа вазири қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш, қисм ва бўлинмаларни тезкор тайёрлаш, уларни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий-маъмурий секторлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди.
Ривожланган давлатларнинг тажрибаси ва жанговар ҳаракатлар тажрибасини ўрганиш, ҳарбий бошқарув ва тайёргарлик тизимига замонавий ёндашувларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, қўшинлар самарадорлигини ошириш учун янги технологиялар, жумладан, учувчисиз тизимлар ва рақамли бошқарув ечимларини кенг қўллаш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, ҳарбий-маъмурий секторлар, полигонлар, таълим муассасалари ва моддий-техник таъминот объектлари инфратузилмасини замон талаблари асосида модернизация қилиш ҳамда ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришни давом эттириш, илмий тадқиқот ишларини кучайтириш, замонавий қурол-яроғ ва технологияларни ўзлаштиришга қаратилган дастурларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида давлат раҳбари Қуролли кучларни янада ривожлантириш ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича тегишли вазифаларни белгилаб берди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.