Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Шайхонтоҳур тумани жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ жиноят қидирув бошқармаси ходими олдиндан тил бириктириб ҳаракат қилгани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, Олмазор туманида яшовчи 1982 йилда туғилган фуқаронинг 3 грамм гашишни ноқонуний сақлаши билан боғлиқ иш доирасида уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2200 АҚШ доллари талаб қилинган. Сўралган маблағнинг 1000 доллари аввалроқ топширилган.
Қолган 1200 долларни гумонланувчилардан бири ўз хизмат хонасида олаётган вақтда пойтахт ДХХ ходимлари томонидан ушланган. Иккинчи фигурант ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.
Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳар икки шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.