Ўзбекистон углеводород қидириш ва қайта ишлашда МО давлатлари ва Россия ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди

Ўзбекистон углеводород қидириш ва қайта ишлашда МО давлатлари ва Россия ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб ўтаётган «Марказий Осиё — Россия» иккинчи саммитида нутқ сўзлади, деб хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбари стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, президент қўшма қарор ва лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш мақсадида ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишни таклиф қилди.

Давлат раҳбари ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамкор бозорларга чиқаришни осонлаштириш мақсадида «Марказий Осиё — Россия агроэкспресси» лойиҳасини ҳам амалга ошириш ташаббуси билан чиқди. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда Тошкентдан Москвагача бўлган рефрижераторли поездларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мунтазам ва тез етказиб беришни кўзда тутувчи «Агроэкспресс» лойиҳаси ишга туширилганди. 2024 йилда Шавкат Мирзиёев «Агроэкспресс»ни Евроосиё иқтисодий иттифоқига кенгайтиришни таклиф қилганди.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, автомобиль, темирйўл ва ҳаво транспорти соҳаларидаги миллий дастурларни боғлаш учун мамлакатлар учун Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев, бундан ташқари, Бухорода «Марказий Осиё — Россия» саноат инжиниринг маркази — муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш учун технологик платформа яратишни таклиф қилди.

У Тошкентда ўтказиладиган «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини бериш таклифи билан ҳам чиқди.

Ўзбекистон углеводород қидириш ва қайта ишлашда МО давлатлари ва Россия ҳамкорлигини кенгайтиришни таклиф қилди
Ўзбекистон президенти атом энергетикасини тинч мақсадларда ривожлантириш соҳасида Ўзбекистонда Атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар марказини ташкил этиш ва ММФИ Тошкент шаҳридаги филиалида кадрлар тайёрлаш дастурини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Ўзбекистон раҳбари, қолаверса, «Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги» комплекс дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва «яшил» технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусини илгари сурди.

Саммитда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатларда «Сколково» инновация маркази филиалларини очиш ташаббуси билан чиқди.

Шавкат Мирзиёев «Келажак муҳандислари» консорциумини тузиб, Марказий Осиё ва Россиянинг етакчи олийгоҳлари ва илмий марказлари салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини таъсис этиш ғоясини илгари сурди.

Президент, шунингдек, ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали — Этномаданият форумини ташкил этиш таклифини билдирди.

У ўз нутқи якунида терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар ва одам савдосига қарши курашиш бўйича биргаликда чоралар кўриш муҳимлигини қайд этди ҳамда Афғонистон бўйича юқори даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.