«Россия билан кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқмиз» — Ўзбекистон президенти

«Россия билан кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқмиз» — Ўзбекистон президенти

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги «Марказий Осиё — Россия» иккинчи саммитида Россия Ўзбекистоннинг иттифоқчиси бўлиб қолишини айтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

У ўз нутқини самимий қабул ва учрашувни юқори даражада ташкил этгани учун Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон шаънига билдирилган миннатдорлик сўзлари билан бошлади.

«Биз ҳар сафар Тожикистонга ташриф буюрар эканмиз, Сизнинг раҳбарлигингизда улкан бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганига гувоҳ бўламиз. Кўз ўнгимизда мамлакат қиёфаси тубдан ўзгармоқда — иқтисодиёт ва инфратузилма жадал ривожланмоқда, энг асосийси — аҳоли фаровонлиги ошиб бормоқда», — деди у.

Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси президенти Владимир Путинга Марказий Осиё билан кенг кўламли стратегик шерикликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори бўлиб келаётгани учун ташаккур изҳор этди:

«Сизнинг минтақа билан иттифоқчилик муносабатлари ва кўпқиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларидаги доимий қўллаб-қувватлашингиз ва шахсий эътиборингизни Ўзбекистон доимо ҳис этиб келиши ва қадрлашини алоҳида қайд этмоқчиман».

У Россия раҳбари илгари сурган, табиий шериклар бўлган мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигига янги суръат беришга қаратилган ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Россия билан кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқмиз» — Ўзбекистон президенти
«Россия биз учун муҳим, устувор стратегик шерик ва иттифоқчи бўлиб келган, ҳозир ҳам шундай ва келгусида ҳам шундай бўлиб қолишини таъкидлайман», — билдирди Ўзбекистон раҳбари.

Президентнинг тушунтиришича, умумий тарих, кўпасрлик алоқалар, халқларнинг маданий ва дунёқараш жиҳатдан яқинлиги, мамлакатлар ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар бундай ҳамкорликнинг мустаҳкам ва ўзгармас асоси ҳисобланади.

Шу билан бирга, геосиёсий зиддиятлар ва жаҳон иқтисодиётида инқироз ҳолатлари кучайиб бораётгани, янги хавф ва таҳдидлар, унинг сўзларига кўра, минтақада барқарорликни таъминлаш йўлида ушбу формат доирасида янада яқин мувофиқлаштириш ва ҳамкорликни талаб этмоқда.

«Биз минтақамизнинг Россия билан иқтисодий шериклигини тубдан кенгайтиришдан манфаатдормиз. Буни биргаликдаги фаолиятимизнинг асосий йўналиши, деб ҳисоблаймиз», — қайд этди давлат раҳбари.

У сўзи якунида мамлакатлар хавфсизлиги, барқарор тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш йўлида Россия билан кўпқиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга содиқ эканини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев «МО — Россия» саммитидаги нутқида сиёсий мулоқотни тизимли асосда давом эттириш, транспорт ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологиялар ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида янги форматда ҳамкорлик йўлга қўйишни таклиф этди. Якунда Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.