Унинг сўзларига кўра, 90 йилларнинг ўрталарида АҚШнинг Америка-Ўзбекистон савдо палатаси мажлисларига 10 — 15 та компания келарди ва кўп йиллар мобайнида иқтисодий сиёсат учун масъул бўлган юқори мартабали мансабдорлар «ўзи инвесторлар нимага келади?» деб очиқдан-очиқ савол берган.
«Улар очиқдан-очиқ шундай савол берарди: „Инвесторлар нимага келади? Фойда олиш учун келадида бу ерга“, деб. Бутун дунё душман [эди]. Биз ўзига тўқ мамлакатмиз ва ёпиқ иқтисодиёт билан нимагадир эриша оламиз, [деб ўйлаганмиз]. Афсуски эриша олмадик», — деди Сафоев.
У 25 йил мобайнида мамлакат иқтисодиётида сезиларли ислоҳотлар ва ривожланиш бўлмаганини айтди. «Бугунги бор муаммолар, мен аниқ айтай бу нарсани, бу илгаридан қолган мерослар», — деди у.
Бироқ, унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда вазият ўзгарди:
«Ўзбекистондаги вазият ўзгарди. Бу ерда қонун устуворлиги таъминланмоқда, очиқлик сиёсати, инвесторларни, сармоядорларни рағбатлантириш сиёсати бўляпти. Бугунги суҳбат вақтида бу қайд этилди», — деди Сенат раиси биринчи ўринбосари.
У мамлакатдаги ўзгаришлар президент Шавкат Мирзиёев номи билан боғланаётганини таъкидлади.
«Инглизча қилиб айтганда, кўплар айтяпти: „You can make a difference“ („Сиз вазиятни ўзгартира оласиз“ — таҳр.). Президентга шундай дейишди. Яъни сиз, сизнинг сиёсий иродангиз, сизнинг дунёқарашингиз ва узоқни билиб олиб бораётган стратегиянгиз бизга Ўзбекистонга келишга янги далда беряпти, [дейишди]», — деди Сафоев.
У, шунингдек, минтақада бўлаётган жараёнларга эътибор қаратди:
«Биз кўриб турибмиз, ҳозирги дунёда, Марказий Осиёдаги вазият ўзгарди ва бу йирик минтақа, агар барча, шу жумладан Афғонистонни қўшадиган бўлсак, бу 100 миллион аҳолига эга бўлган бозор. У тобора кенгайиб боряпти», — деди у.
Сафоев қайд этишича, 2016 йилдан кейин президентнинг янгиланган дипломатияси шарофати билан Марказий Осиё мамлакатлари тобора кўпроқ бирлашмоқда:
«Марказий Осиё бирлашиб бормоқда, ягона бозор вужудга келяпти. Илгари у мамлакатлар орасида парчаланган эди. Инвесторлар учун кичик бозор — тор. Уларга кенг макон керак», — дея аниқлик киритди у.
Унинг сўзларига кўра, чегараларнинг очилиши, инфратузилма ва транспорт йўлакларининг ривожланиши Марказий Осиёни истиқболли бозорга айлантирмоқда.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20−24 сентябрь кунлари Нью Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида иштирок этиш учун АҚШга амалий ташриф билан борди. Сафар доирасида у бир қатор учрашувлар ўтказди ва АҚШ билан 105 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги келишувларни шакллантирди. Ташрифнинг энг муҳим воқеаларидан бири АҚШ президенти Дональд Трамп билан учрашув бўлди. Дональд Трамп эришилган келишувлар кўламини юқори баҳолади. Абдулазиз Камилов таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев ва Дональд Трампнинг музокаралари Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларини барқарор ва прогноз қилиш мумкин бўлган босқичга олиб чиқди.
Бундан ташқари, Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида нутқ сўзлаб, ташкилотнинг глобал муаммоларни ҳал этишдаги ўрнини таъкидлади, «Янги Ўзбекистон» ислоҳотларини тақдим этди ва халқаро ҳамкорлик ҳамда тинчликни мустаҳкамлашга чақирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.