Ўзбекистонда фермерлар ва бизнес фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда фермерлар ва бизнес фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 7 октябрь куни фермерлар ва тадбиркорлар фаолиятига аралашганлик учун мансабдор шахсларни жавобгарликка тортишни кўзда тутувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Депутат Муқаддасхон Аҳмедованинг сўзларига кўра, фермерлардан етиштирган ҳосилни республика бўйлаб эркин реализация қилишда айрим тўсқинликлар бўлганлиги юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Қонун лойиҳасида хўжалик фаолиятига аралашганлик, жумладан, товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши ҳамда сотилишига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.

Бу мақсадда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241−1-моддасига (Хусусий мулк ҳуқуқини бузиш) ҳамда Жиноят кодексининг шу номдаги 192−1-моддасига қўшимчалар киритиш режалаштирилмоқда. Ушбу моддаларда маъмурий жазодан кейин қонунбузарлик такрор содир этилган тақдирда жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.

Янги нормалар кучга киргач, фермерлар ва тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган маҳсулот танлови, нарх белгилаш ва сотиш жараёнларига аралашган мансабдор шахслар жавобгарликка тортилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоят ҳокимликлари томонидан ҳудудлардаги ИИБларга пахта чигитининг бошқа вилоятларга олиб чиқилишини тақиқлаш бўйича оғзаки топшириқ берилгани маълум бўлган эди. Шунингдек, Каттақўрғон шаҳри ҳокими Гавҳар Алимова Қашқадарёдан Самарқанд вилоятига чигитни олиб ўтишни гуёки тақиқлаш тўғрисида оғзаки кўрсатма бергани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов устидан шикоят қилган эди. Унинг сўзларига кўра, вилоят раҳбари унинг SMS хабарларига жавоб бермаган ҳамда унинг тўрт кун давомида юкни ўтказиш масаласини ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари зое кетган.

Ерни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқи


Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ижарага олинган ерни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқига оид ўзгартишлар ҳам назарда тутилган. Амалдаги қонунчиликда давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Амалиётда айрим ҳолларда давлат фуқаролик хизматига кирган фермерлар номидаги фермер хўжалигини бошқа шахсга ўтказа олмаяпти. Бу эса, ўз навбатида қонун бузилиши ҳамда коррупцион ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Таклиф этилаётган ўзгартиришларга кўра, фермер хўжалиги раҳбари ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини ўз оила аъзоларидан бирига ижара шартномаси амал қиладиган муддатга бера олади.

Шу билан бирга, ижарага олинган ер участкаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказиши (қисман қайта ижарага бериши) мумкинлигини назарда тутувчи қўшимчалар киритилмоқда. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, бу чора фермерлар учун қўшимча имкониятлар яратади — айниқса, ўз ресурслари чекланганлиги сабабли бутун ер майдонидан самарали фойдалана олмайдиганлар учун.

Ҳужжат Сенатга юборилишидан олдин иккинчи ва учинчи ўқишларда кўриб чиқилади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.