Давлат мудофаа буюртмаси Ўзбекистон Қуролли Кучларини қуроллантириш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланадиган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилиш бўйича давлат буюртмаси ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш, тасдиқлаш ва бажариш мамлакатнинг миллий манфаатларидан, жаҳондаги ва минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан, ҳарбий соҳада миллий хавфсизликка бўлган таҳдидлар даражасидан, замонавий ҳарбий можароларнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Шунингдек, ушбу қонун билан буюртмачилар ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотлар билан ўз вақтида ҳамда кафолатли тарзда қуроллантирилади ва таъминланади.
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги давлат мудофаа буюртмаси соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Буюртма бериш жараёни ҳар йили 1 июлга қадар буюртманомаларни топшириш билан бошланади. Мазкур аризалар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилади ва тегишли идоралар раҳбарлари томонидан тасдиқланади.
Буюртма лойиҳаси давлат комиссияси томонидан кўриб чиқилади ва тасдиқланади. Тасдиқланган тартиб келгуси йил учун давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ҳисобга олинади.
Ишлаб чиқарилиши Ўзбекистонда йўлга қўйилмаган ёки сифати ва техник кўрсаткичлари бўйича техник топшириқ талабларига мувофиқ бўлмаган ҳарбий ва икки хил мақсадга мўлжалланган маҳсулотларни харид қилишга оид техник топшириқлар ягона агентга тақдим этилади.
Ягона агент буюртма доирасида хорижий корхона ва ташкилотлар билан импорт шартномалари (контрактлари) тузади.
Давлат мудофаа буюртмасини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнида унинг барча иштирокчилари давлат сири тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишлари шарт.
Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.