Рустам Аҳмедов 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Бағдод туманида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг дастлаб Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртида, кейин Москва шаҳридаги Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясида таълим олган.
«Бутун ҳаётини ҳарбий соҳага бағишлаган Рустам Аҳмедов танк полкида взвод командири, танк дивизияси сиёсий бўлими бошлиғининг ёрдамчиси, танк дивизияси батальони командирининг сиёсий ишлар бўйича ўринбосари, Тошкент олий танк қўмондонлик билим юрти курсантлар батальони командирининг ўринбосари лавозимларида хизмат қилиб, шахсий таркибни бошқариш, унинг ҳарбий, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасида етарли билим ва тажриба орттирди», — дея қайд этилди ҳамдардликда.
Унинг Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик ва Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртларида раҳбарлик лавозимларида ишлагани эсланди.
«Ватанимиз истиқлолга эришганидан сўнг Рустам Аҳмедов Ўзбекистон Республикасининг мудофаа вазири, айни вақтда бирмунча муддат Миллий гвардия қўмондони вазифасини бажарувчи сифатида фаол иш олиб бориб, миллий армиямизни шакллантириш, давлатимиз мудофаа тизимини барпо этиш, ҳарбий кадрларни тайёрлаш йўлида жонбозлик кўрсатди. Мудофаа вазирлигининг Бош штаби қайта ташкил этилиб, Қуролли Кучлар Бирлашган штабига айлантирилди, ҳарбий округлар тузилди, ҳарбий қисмларнинг жойлашув ва бошқарув тизими такомиллаштирилди. Мудофаа вазирлигининг бошқа куч тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди», — дея эсланган ҳамдардликда.
Рустам Аҳмедов 1997—1998 йилларда Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам фаолият олиб борган.
«Фахрий генерал, улуғ ёшда бўлишига қарамасдан, Янги Ўзбекистонда Қуролли Кучларни модернизация қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий тайёргарлигини ошириш борасидаги улкан ислоҳотларни амалга оширишда мудофаа вазирининг маслаҳатчиси сифатида ўзининг бой билим ва тажрибаси билан фаол иштирок этди. Қайси лавозимда хизмат қилмасин, ҳарбий қасамёдига содиқ қолиб, ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият ва шараф билан бажарди, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда шахсий намуна кўрсатди», — дейилади ҳамдардликда.
«Таниқли ҳарбий қўмондон, самимий ва камтарин инсон Рустам Аҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади», — дейилади ҳамдардлик якунида.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.