Конституция «барча ҳуқуқ ва эркинликлар юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, бирлик ва ҳамжиҳатлик, ортга қайтмас демократик ислоҳотлар кафолатидир. Конституцияда муҳрлаб қўйилган қоида ва тамойиллар янги Ўзбекистонни барпо этишда барчамиз учун беқиёс куч-ғайрат, ишонч ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда», — деди давлат раҳбари.
«Фақат Конституция ва қонунларимизга чуқур ҳурмат, пухта ҳуқуқий билим ва амалий тажриба асосидагина биз давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиб, Ватан ва халқ олдидаги фарзандлик бурчимизни шараф билан адо эта оламиз. Шундагина Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи, бунёдкорлик салоҳияти амалда янада ёрқин намоён бўлади», — дея таъкидлади у.
«Айниқса, ёшларимизга Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўргатиш, уларни конституциявий қадриятлар асосида юксак онгли ва ватанпарвар фуқаролар, сиёсий тафаккур ва ҳуқуқий маданият эгалари этиб тарбиялаш олдимизда турган ғоят муҳим вазифадир», — деди президент.
Шавкат Мирзиёев «халқ ҳокимиятчилиги, вакиллик демократияси, Конституция ва қонун устуворлиги каби конституциявий принципларга бундан буён ҳам содиқ қолиб, ушбу йўналишдаги ислоҳотларимизни янада қатъий давом эттирамиз» дея таъкидлади. Унинг эслатишича, 1 январдан бошлаб туман ва шаҳарларда ҳокимлар ва халқ депутатлари кенгашлари раисларининг функциялари ажратилмоқда.
Президентнинг қўшимча қилишича, Конституцияга мувофиқ, мамлакатда «давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, ижтимоий давлат қуриш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда». «Сўнгги йилларда мамлакатда инсон қадри, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда».
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.